2018-09-26 16:02:12

ЮРИДИК КАДРЛАРНИ ТАЙЁРЛАШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ

2018 йил 24 сентябрь куни Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжумани юридик кадрларни тайёрлаш тизимини ислоҳ қилиш масалаларига бағишланди.Бу ҳақда вазирлик жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Унда Президентимизнинг 2018 йил 13 апрелдаги фармони ва қарорига мувофиқ, Адлия вазирлиги, адлия органлари ва муассасалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар ҳамда кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга доир устувор вазифалар белгиланганлиги таъкидланди.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 14 та юридик коллежлар ташкил этилди. Уларда ўрта махсус касб таълимида “юриспруденция” йўналиши бўйича “Кадрлар иши бўйича юрист”, “Аграр соҳа юристи”, “Шартнома ишлари юристи”, “Нотариус юристи”, “Адвокатура юристи”, “Ижро ишлари юристи” каби мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрланади.

Мазкур таълим муассасаларига 2019/2020 ўқув йили учун абитуриентларни қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ҳар бир ҳудуднинг мутахассисликларга бўлган эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда белгиланган квоталар бўйича танлов асосида амалга оширилади. 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб юридик коллежларнинг энг яхши битирувчилари Тошкент давлат юридик университетининг ҳудудий адлия органлари йўналиши бўйича дастлабки тест имтиҳонларисиз, суҳбат асосида ўқишга кириш ҳуқуқига эга бўладилар. Суҳбатдан муваффақиятли ўтган ёшлар бакалаврларни тайёрлаш бўйича махсус уч йиллик дастурга кўра ўқитилади. Айни пайтда битирувчилар зиммасига 3 йил ишлаб бериш мажбурияти юкланади.

Ўтказилган матбуот анжуманида журналистлар олий юридик таълим тизими ва олий таълимдан кейинги фаолиятдаги ўзгаришлар билан қизиқишди. Адлия вазирлигининг масъул вакилларининг таъкидлашича, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб, Тошкент давлат юридик университетининг магистратура босқичига талабаларни қабул қилиш квотаси тўлов-шартнома асосида 150 нафаргача оширилди. Энди талабалар ТДЮУ магистратура босқичига тест имтиҳонларисиз қабул қилинади ва бир йил мобайнида таҳсил олади.

Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш маркази ҳам ташкил этилди. Бу ерда олий ўқув юртини тугатган шахсларни юридик мутахассислик бўйича қайта тайёрлаш курсларидан ташқари, юридик кадрларни халқаро стандартларга кўра ўқитиш бўйича қисқа муддатли курслар ҳам ташкил этилади. Дастлабки мана шундай дарс машғулотлари 2018 йилнинг 5-24 ноябрь кунлари дунёнинг етакчи компанияларидаги 12 нафар адвокатлар ва мутахассислар иштирокида ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу машғулотларда энг яхши натижаларни қўлга киритган тингловчилар Адлия вазирлиги тавсияномасига кўра, хорижий юридик компаниялар ва халқаро арбитраж институтларда малака оширади.

Сурайё ИМОМОВА,

“Туркистон-пресс”