2018-09-27 17:11:05

ПЕНСИЯ ТАЪМИНОТИ ТИЗИМИДА БИР ҚАТОР ҚАРОРЛАР ЎЗГАРТИРИЛДИ

Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Киритилган қўшимчаларга мувофиқ вақтинчалик прописканинг ёки яшаш учун рухсатноманинг амал қилиш муддатининг тугаши билан вақтинчалик прописканинг кейинги санаси ўртасида узилиш мавжуд бўлган тақдирда Пенсия жамғармаси бўлими томонидан нафақани тўлаш вақтинчалик прописканинг ёки яшаш учун рухсатноманинг янги санасидан бошлаб давом эттирилади. Бунда нафақани тўлаш нафақа тўлаш тўхтатилган пайтдан, бироқ ўн икки ойдан ортиқ бўлмаган пайтдан бошлаб давом эттирилади.

Шунингдек, эндиликда Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлинмалари фуқароларга иш стажини тасдиқлаш учун судларга даъволар тайёрлашда кўмаклашадилар.

Меҳнат дафтарчасидаги суд тартибида сохталаштирилган деб топилган ёзувлар меҳнат фаолиятининг охирги ўн йиллик даврига киритилмайди.

Пенционер хорижий давлатда бўлган ва соғлиги туфайли Ўзбекистонга келиш имкониятига эга бўлмаган ҳолатларда пенционер Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасасига пенсия тўловини тиклаш учун мурожаат этиши мумкин.

Эндиликда, чет элда ёлланган ҳолд ишловчи фуқаро Пенсия жамғармасига йилига энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт ярим баробари миқдорида суғурта бадаллари тўлаган тақдирда унинг чет элди ишлаган вақтига иш стажи ҳисобланиши белгиланди. (илгари иш стажи ҳисобланиши учун ҳар ойда энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробаридан кам бўлмаган миқдорда бадал тўлаши лозим эди).