2018-09-28 13:26:49

АҚШНИНГ WILLIAMS COLLEGE БИЛАН ҲАМКОРЛИКДА МУТАХАССИСЛАР ТАЙЁРЛАНАДИ

Жорий йилнинг 27 сентябь куни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида АҚШнинг Williams Collegeнинг Рейчел Жей Луиз бошчилигидаги делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Молия вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Учрашувда таъкидланганидек, Ўзбекистонда кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан иқтисодиёт тармоқлари учун малакали кадрларни тайёрлаш, катта илмий салоҳиятга эга олимлар, мутахассислар ва истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борадаги аниқ ва устувор вазифалар давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармонида белгилаб қўйилган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2018 йилнинг 25 сентябрь куни имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармон бу ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришда муҳим ҳужжат бўлди.

Ўзбекистон малакали мутахассислар тайёрлаш борасида хорижнинг етакчи таълим муассасалари билан ҳам самарали ҳамкорлик олиб борилмоқда. Буни Ўзбекистонда бир қатор етакчи университет ва институтларнинг филиаллари очилгани, шунингдек, қўшма факультетлар ташкил этилаётгани ҳам кўрсатиб турибди.

Малакали кадрлар тайёрлаш борасида Ўзбекистон АҚШнинг Williams College билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйган. Жумладан, 2000 йилдан бери ўзбекистонлик 11 нафар мутахассис ушбу таълим муассасасида билим ва малакасини оширди.

Учрашувда Рейчел Жей Луиз хоним 2019 июнь ойидан 2020 йил август ойлари мобайнида Williams College магистрлик дастурида ўқитиш бўйича махсус дастур ҳақида батафсил маълумот берди.

Рейчел Жай Луиза хонимнинг айтишича, ушбу ташриф келажакда малакали иқтисодчи ва молиячилар тайёрлаш борасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган. Бу эса Ўзбекистоннинг иқтисодий секторини янада ривожлантиришга учун хизмат қилади.

Учрашувда Williams College магистрлик дастурида иштирок этадиган номзодлар, уларга қўйиладиган талаблар, номзодларнинг билим ва малакасини аниқлаш борасида ўтказиладиган синовлар ҳақида маълумот берилди.

Маълумот учун: Williams Collegeга 1793 йилда АҚШнинг Массачусетс штатида асос солинган. Ушбу таълим муассасасида таълим уч йўналишда олиб борилади: гуманитар фанлар, табиий ва ижтимоий фанлар. Forbes журнали мазкур коллежни АҚШнинг энг яхши коллежлари орасида 9-ўринга қўйган.