2018-10-03 13:05:03

ЖИДДИЙ ЎЗГАРИШЛАР ЙЎЛИДА

Нуробод туманида кейинги йилларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг сифат ва самарадорлиги сезиларли даражада ошди. Туман марказидан анча олис, бир-биридан узоқ жойлашган қишлоқларнинг аксарида янги даволаш муассасалари бунёд этилди, мавжудлари таъмирланди. Айни пайтда эса Нурбулоқ қўрғонида лойиҳа-смета қиймати 700 миллион сўм, Тим қишлоғида умумий қиймати 800 миллион сўм бўлган барча талабларга жавоб берадиган оилавий поликлиникалар қурилмоқда.

—Туманимизда 145 мингга яқин аҳоли яшайди, — дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ғофир Турсунов. — 215 ўринли марказий касалхона, 200 қатновга мўлжалланган кўп тармоқли марказий поликлиника, 10 ҚВП,  3 та оилавий поликлиника улар хизматида. 

Нурободнинг кўпгина қишлоқларида тиббиётни ислоҳ қилиш дастурлари асосида  эътиборли ишлар бошлаб юборилди. Ҳозир тумандаги мавжуд 10 та  ҚВПдан 3 таси  барча талабларга жавоб берадиган замонавий биноларда жойлашган. 2015-2016 йилларда давлат инвестиция дастури асосида туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси биноси, марказий касалхона ва 35 ўринга мўлжалланган юқумли касалликлар биносида реконструкция ишлари амалга оширилди. Биргина марказий касалхона биносини реконструкция қилиш учун 6 миллиард 600 миллион сўм маблағ сарфланди. Туман марказий касалхонаси қошида тез тиббий ёрдам бўлими ташкил этилди. Шунингдек, Нурбулоқ, Улус, Ибн Сино,  Оқсой, Сепки, Олға, Тутли, Жом, Янгиобод, Нурдум қишлоқларида тез тиббий ёрдам бўлимининг  шохобчалари фаолият кўрсата бошлади.

Туман марказий касалхонаси бўлимлари, жойлардаги қишлоқ врачлик пунктлари ва қишлоқ оилавий поликлиникаларини замонавий тиббий ассбоб-ускуналар билан таъминлаш борасида ҳам жиддий ўзгаришларга эришилди. Саломатлик дастурлари асосида туманга замонавий тиббий жиҳозлар олиб келинди.

“Обод қишлоқ” дастури асосида Жом, Гирдиқўрғон, Ибн Сино маҳаллаларида истиқомат қилувчи 31 436 нафар аҳолиси вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва кўп тармоқли туман марказий поликлиникаси мутахассислари томонидан чуқурлаштирилган кўрикдан ўтказилди. Бу маҳаллалардаги муолажага муҳтож беморлар вилоят ва туман даволаш муассасаларида соғломлаштирилди. Шу билан биргаликда тумандаги барча даволаш профилактика муассасалари  аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш ишларини режали асосда амалга оширишди.

Туманда мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 19 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижросига эътибор катта. Аввало, туман марказий шифохонаси ва кўптармоқли поликлиниканинг инвестиция дастури асосида реконструкция қилинганлигини айтиб ўтиш жоиз. 

Маълумки, кадрлар  салоҳиятини ошириш аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилашда энг муҳим омилдир. Аммо ҳали Нурободда бир қатор мутахассисликларга эҳтиёж катта.  Маъмурият раҳбарияти эса бу масалани ҳал этиш учун биринчи галда маҳаллий кадрларни ишга жалб этишга ҳаракат қилмоқда.

Бундай ҳаракатлар туманда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифат ва самарадорлигининг ошишига, яратилаётган имкониятлар эса кадрлар билан таъминланиш борасидаги муаммоларнинг бартараф этилишига хизмат қилади, албатта. 

Актамжон БЕРДОНОВ,

“Туркистон-пресс”