2018-10-03 14:07:09

ҒАМХЎРЛИК ТИМСОЛИ

Тоғлар бағрида жойлашган Сазағон Нуробод туманидаги сўлим қишлоқлардан бири. У вилоят маркази Самарқанд шаҳридан ҳам унчалик олисмас. Қишлоқни қадим шаҳар билан катта трасса Самарқанд – Қарши йўли боғлаб туради. Қишлоқ аҳли асосан чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланади. Экинлар, дарахтлар чашмадан сув ичади. Асосий майдон лалмикорликда. Кўпроқ ғалла — арпа ва буғдой экилади. Деҳқонлар учун табиат кўкламда қарашиб юборса яхши, акс ҳолда кўпчилик харажатига ҳам куйиб қолади.

Мустақиллик даврида сазағонлик тадбиркорлар ҳам қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини яхилашга ҳисса қўшиш мақсадида кбир қатор хайрли ишларга бош қўшишди. Улар биргина савдо билан чекланиб қолмай, кўплаб хизмат кўрсатиш соҳаларини йўлга қўйишди. Масалан, шу қишлоқда истиқомат қилувчи Қурбонбой Аҳмедов хусусий тадбиркорликни танлади. Унинг саъий-ҳаракатлари туфайли қишлоқдаги бозор тартибга келтирилди, тўйхона барпо этилди. Яқинда эса Қурбонбой яна бир савоб ишга қўл урди. У ўз маблағи ҳисобидан 150 ўринли нодавлат хусусий мактабгача таълим муассасасини қуриб ишга туширди.                           

“Меҳр” деб номланган ушбу нодавлат хусусий мактабгача таълим муассасасини қуриш ишларига тадбиркор томонидан 720 миллион сўм маблағ сарфланди.   Муассаса ишга тушиши муносабати билан 10 нафар фуқаро иш билан таъминланди.

Таълим муассасасида барпо этилган  болалар ётоқхонаси, машғулотлар хонаси, болалар ёзги айвончалари  замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Жумладан, машғулотлар хонаси учун янги стол-стуллар, шкафлар, ёзги айвончалар учун ўтирғичлар, болалар ётоқхонаси учун кароватлар   ва чойшаблар келтирилди.

—Туманимизда мактабгача таълим ёшидаги болалар 13 минг 202 нафарни ташкил этади, — дейди туман мактабгача таълим бўлимининг мудираси Дилобар Амирова. — Аммо шу пайтгача фаолият кўрсатиб келаётган МТМлар жуда кам. Улар атиги 6 тани ташкил этади. Ушбу муассасалар 565 ўринга мўлжалланган. Аниқроғи, улар тўлиқ қувват билан ишлаганда ҳам бор-йўғи 7 фоиздан ортиқроқ кичкинтойларни боғчаларга жалб этишнинг имкони бўлади. Бу муаммони ҳал этиш учун туман ҳокимлиги раҳбарлигида жойларда янги мактабгача таълим муассасалари қуриш бошланиб кетди. Масалан, 2018 йилда давлат дастури асосида Ўртабўз ва Олға қишлоқларида биттадан  ҳар бири 160 ўринли, вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Жом қишлоғида 60 ўринли, Нуробод шаҳрида Жанубий кон бошқармаси ҳомийлигида 140 ўринли МТМлар қурилиб, фойдаланишга топшириладиган бўлди.

Туманда бундан ташқари  5 та нодавлат МТМлар қурилиши ҳам режалаштирилган. Жумладан, Нурбулоқ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 50 ўринли, Сазағон маҳалла фуқаролар йиғинида 150 ўринли, Оқсой маҳалла фуқаролар йиғинида 100 ўринли, Пўлатчи маҳалла фуқаролар йиғинида 50 ўринли, Бошқудуқ маҳалла фуқаролар йиғинида 60 ўринли болалар боғчалари  бунёд этилиши режалаштирилган эди. Бугун уларнинг аксарида қурилиш ишлари давом эттирилмоқда.

Хуллас, Нурободда мактабгача таълим соҳасида ўзгаришлар катта. Бу ҳаракатлар жажжи болажонларнинг ойдин келажаги йўлидаги ғамхўрликлар тимсоли, албатта.

Актамжон БЕРДОНОВ,

“Туркистон-пресс”