2018-10-03 15:10:55

“ЎЗБЕКНЕФТГАЗ” АЖ ВА “MITSUBISHI” КОРПОРАЦИЯСИ ҲАМКОРЛИК ҚИЛАДИ

Жорий йилнинг 25 сентябрь куни “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Баҳром Ашрафханов “Mitsubishi” корпорациясининг бош вице-президенти, компаниянинг минтақавий ижрочи директори ўринбосари Казуо Инада билан учрашди.

“Mitsubishi” корпорацияси томонидан ишлаб чиқарилган ускуна ва жиҳозларнинг юқори сифат ва қулайлиги “Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассисларига яхши маълум.

Учрашув давомида шулар таъкидландики, “Mitsubishi” корпорацияси томонидан ишлаб чиқарилган компрессор ускуналар Шўртан ГКМда 20 йилга яқин муваффақият билан фойдаланиб келинмоқда. Компания ускуналарининг ишончлилиги ва юқори ишлаш кўрсаткичларини инобатга олган ҳолда GTLлойиҳаси доирасида компрессор ускуналарини етказиб бериш масаласи ўрганиб чиқилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ япониялик ҳамкорларни “Boston Consulting Group” билан биргаликда 2030 йилгача нефт ва газ саноатини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан таништирди. Мазкур концепциянинг устувор йўналишларидан бири табиий газни чуқур қайта ишлаш бўйича инвестицион лойиҳаларни амалга оширишдир.

Ўз навбатида, Япониялик меҳмон компания “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларда иштирок этишга қизиқиш билдираётганини айтиб ўтган.

Казуо Инада инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш учун Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) маблағларини жалб қилиш имкониятлари билан ҳам таништирди.

Учрашув якунида томонлар нефт ва газ соҳасидаги ҳамкорликка оид аниқ таклифларни ишлаб чиқиш бўйича биргаликдаги ишчи гуруҳ тузиш тўғрисида келишиб олдилар.

 

“Туркистон-пресс”