2018-10-03 17:13:25

БРИТАНИЯНИНГ UKEF АГЕНТЛИГИ “ЎЗБЕКНЕФТГАЗ” АЖ ЛОЙИҲАЛАРИДА ИШТИРОК ЭТИШГА ТАЙЁР

“Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарияти Британиянинг Экспорт молиялаштириш агентлиги бош ижрочи директори жаноб Луи Тейлор билан учрашув ўтказди.

Учрашувда, шунингдек, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Кристофер Аллан ҳам иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Британиянинг Экспорт молиялаштириш агентлиги (UKEF) ўртасида Ўзбекистон Республикаси нефт ва газ саноати соҳасидаги инвестицион лойиҳаларни 1,25 миллиард фунт стерлинг миқдорида молиялаштириш бўйича Меморандум имзоланган эди.

Ҳужжат жорий йлнинг апрель ойида Буюк Британия пойтахти Лондон шаҳрида Британия-Ўзбекистон энергетик форуми доирасида имзоланганди.

Мазкур учрашув эса UKEFнинг “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан амалга оширилаётган инвестицион лойиҳаларни молиялаштиришдаги иштироки бўйича аниқ қадамлар муҳокамасига қаратилди.

Британия томонига “Ўзбекнефтгаз” АЖ фаолияти, нефт ва газ саноатида амалга оширилаётган инвестицион лойиҳалар ҳамда соҳада ва умуман, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича кенг маълумот тақдим этилди.

Томонлар Буюк Британиянинг UKEFагентлиги томонидан молиялаштиришни таъминлаш бўйича асосий шартлар ҳақида батафсил суҳбатлашдилар.

Бундан ташқари, UKEF вакиллари томонидан инвестицион лойиҳаларни амалга оширишда янада кўпроқ иштирок этиш таклифи илгари сурилди — нафақат молиялаштиришда, балки энг сўнгги жиҳозлар ва хизматларни етказиб берувчи Британия компанияларини излаб топишда.

Икки томон ҳам ҳамкорлик мақсадлари ва олдинга қўйилган вазифалар умумийлиги бўйича англашув юқори даражада эканлигини қайд этиб, қўшма режаларни амалга ошириш бўйича кейинги қадамлар борасида келишиб олдилар.

“Туркистон-пресс”