2018-10-10 16:58:46

ФРАНЦУЗ КОМПАНИЯСИ ТОШКЕНТДА СУВ ТОЗАЛАШ ВА ТАҚСИМЛАШ ТИЗИМИНИ БОШҚАРАДИ

Ўзбекистон ва Франциянинг Veolia Environnement компанияси Тошкентда ичимлик сувини ишлаб чиқариш ва тақсимлаш, шунингдек,оқова сувларни тозалашни модернизация қилиш тўғрисидаги битимни имзолади. Ҳужжат Президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга расмий ташрифи доирасида имзоланди.

Компания хабарида қайд этилишича, Veolia ва Ўзбекистон 2019 йилнинг биринчи ярмида кучга кирувчи ичимлик суви таъминоти ва санитарияси масалалари бўйича аффермаж шартномаси тафсилотларини биргаликда муҳокама қилади. Жами айлама 1.5 млрд еврони ташкил этади.

Маълумотнома: Аффермаж шартномаси одатда коммунал инфратузилма объектларидан (масалан энергия ва сув таъминоти) фойдаланиш учун тузилади. Бунда кўрсатилган хизматлар учун жавобгарлик давлат эмас, балки сув учун тўловларни олаётган компания зиммасида бўлади ва у қурилмалардан фойдаланиш билан боғлиқ хавфлар учун жавоб беради.

Француз компанияси 25 йил давомида сув қувурлари ва сув тозалаш иншоотларини бошқариш ҳуқуқини қўлга киритиб, сув таъминоти тармоқларини ривожлантириш ва яхшилаш, Тошкент сув қувурлари тармоқларини модернизация қилишга киритилаётган инвестициялар мониторинги билан шуғулланади.

Veolia раиси ва бош ижрочи директори Антуан Фрерот шундай деди: «Мазкур битим йирик сув таъминоти тармоқларини бошқариш ва оптималлаштириш соҳасида компаниянинг энг яхши тажрибалари ва халқаро ноу-хауларни амалга татбиқ этишга имкон беради. Мен Ўзбекистон ва унинг Президенти Шавкат Мирзиёев Veolia компаниясини танлагани ҳамда бизнинг ходимлар шериклар сифатида аҳолини сифатли сув билан таъминлашга ёрдам беришидан мамнунман».

“Туркистон-пресс”