2018-10-10 18:01:27

СПОРТГА ОШНО ҚИЗЛАР БЕЛЛАШУВИ

Чиноз агросаноат ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежи спорт майдонларида Тошкент вилояти касб-ҳунар коллежларида таҳсил олаётган ўқувчи-қизлар ўртасида волейбол, шахмат, стол тенниси ва бадминтон бўйича  “Спорт — нафосат рамзи” шиори остида спартакиада бўлиб ўтди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги, вилоят касб-ҳунар таълими бошқармаси, Ўзбекистон Талабалар спорти ассоциациянинг Тошкент вилояти минтақавий бўлими ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилган спартакиада баҳсларида вилоятнинг барча ҳудудларидан тўртта спорт тури бўйича ғолибликни қўлга киритган 105 нафар ўқувчи-қизлар ўзаро куч синашишди. Беллашувлар давомида дўстона муносабат, кучли шижоат, ғолиблик  сари истеъдодларнинг олға интилиши қизларнинг спортга ошнолигидан дарак бериб турди.

 Якуний натижаларига кўра, бадминтон бўйича биринчи ўринни ангренлик Зуҳра Қаҳҳорова қўлга киритди. Стол тенниси баҳсларида Олмалиқ шаҳри вакили Навбаҳор Маткаримова ғолибликни тантана қилди. Волейбол мусобақасида ҳам Олмалиқ терма жамоаси барча жамоаларга нисбатан кучли эканлигини исботлаб, биринчи ўрин соҳибалари бўлишди. Шахмат баҳсларида чирчиқлик истеъдодли шахматчи Шаҳзода Шермуҳаммедовага тенг келадигани топилмади.

 Ғолиб ва совриндорлар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

 Илҳом РАҲМОНОВ,

“Туркистон-пресс”