2018-10-10 18:14:30

ТУРИЗМНИНГ ЭРТАНГИ КУН ПОЙДЕВОРИ БУГУН ҚЎЙИЛАДИ

Бугунги кунда туризм — мамлакатимиз иқтисодиётининг эртанги куни сифатида баҳоланмоқда. Эртанги кунимиз ёруғ бўлиши учун бугун унинг чироқларини ёқишимиз, эртанги кунимиз мустаҳкам бўлиши учун бугун унинг мастаҳкам пайдеворини яратишимиз керак бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ сайёҳлик мамлакатимиз иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида белгиланди. Туризмни ривожлантириш қўмитасининг ташкил қилиниши ва унинг минтақавий тузилмалари штат бирликлари оширилгани, ҳудудларда туризм департаментлари ва бошқармалари, ҳоким ўринбосарлари лавозимлари жорий қилингани мазкур соҳани бошқариш бўйича имкониятларни янада кенгайтиргани туризм соҳасининг ривожланиши учун янги босқични бошлаб берди. Ушбу соҳанинг стратегик йўналишларини аниқ белгилаш учун Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 16 августидаги 2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастуринимтасдиқлаш тўғрисидаги қарори ҳам қабул қилинди.

Булардан ташқари,2018 йилнинг февраль ойида Президентнинг шу соҳага доир қабул қилинган бир қанча фармон ва қарорлари ҳам давлатимизнинг туризм ривожига юксак эътибор бераётганлигидан далолат бериб турибди. Булар жумласига 2018 йил 3 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси туризм соҳасини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонини, 2018 йил 6 февралда имзоланган “Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини, 2018 йил 7 февралдаги “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини мисол қилиб келтириш мумкин.

 Ушбу фармон ва қарорлар ижросини таъминлашга қаратилган туризмни ривожлантиришнинг аниқ йўналишлари белгилаб берадиган бир қанча дастурлар ҳам қабул қилинди. Мазкур ҳужжатларда соҳада йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этиш, туризм салоҳиятини ва самарадорлигини ошириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди, ички туризмни янада ривожлантиришга кўплаб имтиёзлар, енгилликлар яратилди.

Ҳозирги кунда асосий эътибор, хорижий туристлар оқимини кўпайтириш ва ички туризмни янада ривожлантириш, сайёҳлик хизматларини яхшилаш ва турларини кенгайтиришга қаратилмоқда. Чунки мамлакатимиз туризм соҳасида жуда катта салоҳиятга эга бўла туриб, узоқ йиллар бу имкониятдан тўлиқ ва самарали фойдаланилмасдан келди Мазкур соҳанинг ривожи учун қулай иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар етарли даражада яратилмади. Натижада ҳамма ўз билганича фаолият юритишга мажбур бўлди. Бу эса туризм соҳасида миллий брендини шакллантириш имконини бермади.

 Туризмни ривожлантиришнинг ҳуқуқий пайдевори бугун қўйилди. Бевосита давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2018 йилнинг 10 февралидан бошлаб, Япония, Жанубий Корея, Сингапур, Малайзия, Индонезия, Туркия ва Исроилдан келаётган туристларга мамлакатимизда 30 кунгача визасиз бўлишга рухсат берилди. Бундан ташқари, 39 мамлакат фуқароларига виза бериш тартиби соддалаштирилди. 2018 йил 1 июлдан электрон визалар жорий қилиниши ҳам кўзда тутилди. Булар туристлар оқимининг кўпайиши учун жуда катта имконият. Бу имкониятдан самарали фойдаланиш учун туристик фирмалар олдида жуда катта масъулият турибди. Улар туристик хизматларнинг сони ва сифатини ошириш учун кечаю-кундуз бош қотиришига тўғри келади. Чунки ҳеч қандай турист мамлакатимизга шунчаки келиб, бир сўм ташлаб кетмайди. Уларга ҳар томонлама тегишли шароитни яратиш лозим бўлади.

Бугунги кунда амалга оширилиши лозим бўлган муҳим масалалардан бири жаҳон тажрибасини ўрганган ҳолда электрон виза тизимини белгиланган муддатда тўлиқ ишга тушириш, бу тизимни ўзимизнинг имкониятларимиздан келиб чиққан ҳолда, янада соддалаштириш ва хорижий туристлар келиши тартибини мунтазам енгиллаштириб боришга эришиш лозим. Туристлар мамлакатимизга келгандан сўнг яшаш жойи бўйича 3 кун ичида рўйхатдан ўтиши зарурлиги уларга ноқулайлик туғдираётган эди. Агар электрон виза жорий қилинса бунга ҳожат бўлмаслиги мумкин. Ушбу ҳолатларни ҳам тўлиқ инобатга олиш лозим бўлади.

Туризмдан кенг миқёсда фойдаланиш лозим. Ушбу соҳанинг ривожланиши нафақат пул тушумини, балки янги иш ўринларининг ҳам очилишини таъминлайди. Буни инобатга олиб Давлатимиз раҳбари: “Агар биз туризм ҳисобига иш ўринлари очамиз десак, туристга шарт қўйиш эмас, балки шароит яратишимиз зарур”[1], деб уқтирди.

Туризмнинг ривожланишида сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш масаласи ўта долзарб масалалардан биридир. Бу ишни Президентимиз томонидан тўлиқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, айнан ички ишлар идоралар зиммасига юклатилди. Туристларни рўйхатга олиш тизимини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, бу масалани ички ишлар идоралари, меҳмонхоналар, даволаш муассасалари, хусусий уйлар ва шу каби жойлаштирувчи жисмоний ва юридик шахсларнинг мажбурияти сифатида белгиланди. Бу тадбир туристларни отиқча ташвишлардан холи қилиш имконини беради. Шу орқали уларга қулайликлар яратиш масаласини ҳам ички ишлар ходимлари назорат қилиб боради.

Президентимиз томонидан 2018 йилнинг 22 февраль куни туризмга бағишланган йиғилишда 2017 йилда Ўзбекистонга қарийб 2 миллион 700 минг турист ташриф буюргани айтилди. Бу кўрсаткич сифат жиҳатидан таҳлил қилиниб, қариндошларини кўриш, даволаниш, ўқиш ёки тижорат каби мақсадларда келаётганлар кўпчиликни ташкил этиши таъкидланди.

Юқоридаги йиғилишда Президентимиз Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда туризмнинг барча истиқболли йўналишларида сайёҳлар сонини кўпайтириш, туризм хизматлари реал экспортини 5 йил ичида камида икки баробар ошириш вазифасини қўйилди.Бу дегани 2023 йилда мамлакатимизга келадиган туристлар сони 5 миллион 400 мингтага етади. Демак,буни Самарқанд вилояти бўйича ҳисоб-китоб қиладиган бўлсак, шу 2023 йилга бориб меҳмонхоналар сони 214 тага етиши лозим бўлади, чунки ҳозир 107 та меҳмонхона фаолият кўрсатмоқда.

Ҳозирги кунда Самарқанд вилоятида1105 археологик, 670 меъморий, 37 диққатга сазавор жой, 18 монументал, 21 мемориал —жами 1851 та моддий-маданий мерос объектлари мавжуд. Самарқанд шаҳрининг тарихий қисми 2011 йилда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси объектлари рўйхатига “Самарқанд —маданиятлар чарраҳаси” номи билан киритилган ва муҳофазага олинган. Ҳозирги кунда вилоятда туристик хизматлар билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлган 85 та туристик фирма, 107 та меҳмонхона фаолият кўрсатади. Бир вақтнинг ўзида улар томонидан4500 га яқин сайёҳга хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд. Кўриниб турибдики, Самарқанд вилоятида туристик объектлар етарли. Фақат улардан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш лозим.

Ҳозирги пайтда мамлакатимизнинг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва туристлар оқимини кўпайтиришда авиақатновларнинг тутган ўрнига алоҳида эътиборга лойиқ. Жаҳон сайёҳлик ташкилоти маълумотига кўра, дунё бўйлаб сайёҳларнинг қарийб 60 фоизи энг қиммат эканига қарамасдан, ҳаво транспортидан фойдаланади. Аммо қолган 40 фоиз сайёҳларга чипталарнинг нархи “чўнтагига мос” бўлиши керак. Агар ушбу чипталарнинг нархи арзонлашса, юқоридаги 60 фоизнинг ҳам кўп қисми шу иккинчи бўлимга жалб қилинади.

Аммо бугунги кунда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг бу борадаги ишларини такомиллаштириш лозимлигини ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда. Миллий авиакомпания авиачипталар нархини оптималлаштириш, янги рейслар очиш, чартер рейсларни йўлга қўйиш, транзит йўловчиларни ташиш имкониятини ошириш ва авиақатновлар географиясини кенгайтириш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширишини тақозо қилмоқда.

Шундан келиб чиқиб, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси олдига қатор вазифалар қўйилди. Уларга мувофиқ авиакомпания тизимига замонавий маркетинг жорий этилади, дунё аэропортларида мавжуд бўлган махсус мосламалар, мобиль алоқа воситалари ёрдамида авиачипта сотиб олиш имкониятлари яратилади. Ушбу тадбир нафақат йўловчиларга, балки миллий компанияга ҳам анча қулайликлар яратади. Буларни инобатга олиб, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясида анча ўзгаришлар кўзда тутилмоқда. Чет эл тажрибасини ўрганиш асосида “Қарши” аэропортида “Очиқ осмон” режими жорий қилиниб, сайёҳларга кенг эркинлик яратилмоқда. Келгусида шундай тизим Андижон, Нукус ва Навоий аэропортларида ҳам қўлланилиши режалаштирилган.

Маълумки, айрим давлатлардан келадиган туристларга мамлакатимизда 30 кунгача визасиз бўлишга шу йилнинг 10 февралидан бошлаб рухсат берилди. Ушбу тартиб ўрнатилгани туфайли туристларнинг оқими кескин кўпайиши кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда 2018 йилнинг 22 февраль куни туризмга бағишланган йиғилишда қайд этилишича, 30 кунгача виза олиш бекор қилинганидан кейин икки кун ичида Исроилдан Ўзбекистонга келиш учун июнь ойигача бўлган авиачипталар сотиб бўлинган. Шу боис виза режими бекор бўлган давлатлардан қатновлар сони оширилади, Тошкент шаҳридан ташқари Бухоро, Самарқанд, Урганч, Навоий ва Қарши шаҳарларига ҳам тўғридан-тўғри рейслар очилиши кўзда тутилмоқда.

Туризмда майда-чуйда бўлмайди. Жуда катта харажатлар эвазига ташкил қилинган йирик иншоатлар ичида энг кичик, одамлар кўзига арзимас бўлиб туюладиган жиҳатлар сайёҳларнинг кайфиятига салбий таъсир қилиши мумкин. Шу туфайли юқоридаги йиғилишда бу нарсаларга ҳам эътибор қаратилиб, аэропортлар залларидаги чироқлар хиралиги, паспорт назорати кабиналари тўлиқ ишламаслиги, узундан-узоқ сунъий навбатларнинг мавжудлиги, такси хизмати кўрсатувчи хусусий автомобиль эгаларининг тартибсизлиги каби ҳолатларни яхшилаш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Туризм самарадорлигини оширишнинг яна бир йўли туристларнинг мамлакатимизда бўлишини узайтиришдан иборатдир. Бунинг учун бир қанча тадбирларни амалга ошириш лозим. Биринчи галда, туризмда мавсумий даврни узайтириш, келган туристларни имкон қадар турли қўшимча қизиқарли хизматларни кўрсатиш билан шу ерда бўлишлигини кўпайтириш, кўрсатиладиган хизмат турларини уларнинг талабидан келиб чиқиб, диверсификация қилишга эришишдан иборатдир.

Иккинчидан, туризм инфратузилмасини замон талабидан келиб чиқиб, яхшилаш, меҳмонхоналарни мамлакатимизнинг барча ҳудудларида заруратдан келиб чиққан ҳолда кўпайтириш, хусусий жойлаштириш объектлари ва меҳмон уйларини ташкил этиш масалаларига алоҳида аҳамият бериш, экологик туризмни ривожлантириш мақсадида экологик уйларни ташкил этиш каби тадбирларни амалга ошириш лозим бўлади.

 Учинчидан, туристлар оқими ошган ёзги паллаларда қишлоқ жойларда ёзга мос чайлаларни парпо этиш, миллий анъаналарни ўзида мужассам этган хусусий уйлардан фойдаланиш, мазкур соҳада тадбиркорлик қилаётган шахсларга бўш турган қулай жойлардан имтиёзли равишда ер ажратиш каби тадбирларни ҳам амалга ошириш лозим бўлади.

Тўртинчидан, сайёҳлар ташриф буюрадиган масканларда ва автомагистрал йўллар бўйида замонавий барча талабларга жавоб берадиган санитария-гигиена шаҳобчаларини кўпайтириш масаласига ҳам алоҳида аҳамият бериш лозим бўлмоқда. Мусулмон оламидан келадиган туристларга қулайликлар яратиш учун автомагистрал йўллар ёқасида барча талабларга жавоб берадиган махсус таҳоратхоналарни ва номозхоналарни ҳам ташкил этиш мақсадга мувофиқ.

Бешинчидан, маданий мерос объектларига кириш тизимини такомиллаштириш, “САМАРТ технология”сидан фойдаланиб турникетлар, видеокамералар ва йўл кўрсаткичлари ўрнатиш, ахборот марказлари ташкил этиб, уларда туристларни қизиқтирувчи барча хизматларни йўлга қўйиш ҳам мақсадга мувофиқдир.

Олтинчидан, туризмдан  валюта тушумини кўпайтириш мақсадида туристларга янги хизмат турларини кўпайтириш билан бирга турли товарлар ва маҳсулотлар савдосини ташкил этиш, бунда миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари, сувенирлар ишлаб чиқариш ва уларни туристлар дам оладиган жойларда махсус киоскларда сотиш, аэропортларда фаолият юритадиган “Дюти фри”, “Такс фри” тизимидаги савдо шаҳобчаларини туристик шаҳарларда ҳам очиш, тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда автомобиль ижараси марказлари ва Wi-Fi зоналар ташкил этишга ҳам алоҳида аҳамият бериш.

Еттинчидан, қадимий шаҳарларда туну кун ишлайдиган сайёҳлик ҳудудларини ташкил этиш. Бу борада “Қадимий Бухоро” ва “Самарқанд сити” туристик зоналарининг қурилиши бўйича олиб борилаётган ишларни ўз вақтида якунига етказиш билан бирга, Хива, Шаҳрисабз, Тошкент каби шаҳарларда ҳам барпо этиш мақсадга мувофиқ. Бунга ҳам маҳаллий тадбиркорлар билан хорижий инвесторларни жалб қилиш масаласининг ташкилий-ҳуқуқий жиҳатларини ҳал қилиш мақсадга мувофиқ.

Саккизинчидан, зиёрат туризми мақсадида мусулмон мамлакатларидан келадиган туристлар учун меҳмонхоналарда таҳоратхоналар билан бирга албатта номоз ўқийдиган хоналарнинг бўлиши, таъомномаларда барча овқатларнинг ҳалоллигини тасдиқловчи серитификатларга эга бўлишлиги кўзда тутилмоғи лозим. Айрим мамлакатларда нон ўрнига гуруч ишлатилишини инобатга олиб, ушбу масалаларга ҳам овқатхоналарда тегишли ҳозирлик кўриб қўйиш кераклигини ҳам инобатга олиш лозим.

Бугунги кундаички туризмни ривожлантириш масалалари ҳам устувор вазифалардан бирига айланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 февралдаги “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бунда халқимиз, айниқса, маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар ва кам таъминланган оилалар вакилларининг мамлакатимиз ҳудудларига саёҳатларини анъанага айлантириш, ташкилотлар касаба уюшмалари маблағларида саёҳат учун харажатлар улушини кўпайтириш масаласи кўрилди. Жумладан, 2018 йил Наврўз байрами муносабати билан ички туризмни ривожлантириш ва аҳолига муносиб шароит яратиб бериш мақсадида авиачипталар ва тезюрар йўловчи поездларга ҳам 30-50 фоизгача чегирмалар бериш кўзда тутилди.

Мамлакатимизнинг салоҳиятидан келиб чиқиб, зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича ҳам тегишли тадбирлар амалга оширилмоқда.  Бунда ички туризм билан бирга кириш туризмини ҳам ривожлантириш кўзда тутилди. Бу йўналишда туристларга зарур қулайликлар яратиш мақсадида Дин ишлари бўйича қўмита таркибида Зиёрат туризмини қўллаб-қувватлаш бўлими ташкил этилди. Айнан шу мақсадда Малайзия, Туркия, Индонезия каби давлатлар учун визасиз режим жорий этилди. Бизнинг деярли барча шаҳарларимизда саёҳат туризми билан бирга зиёрат туризмини ҳам ривожлантириш учун катта имкониятларимиз мавжуд. Аммо кўп жойларда ушбу соҳада қилинадиган ишлар кўлами жуда кенг. Айниқса, қишлоқ ҳудудларидаги кўпгина авлиёлар қабрлари умуман эътибор қилинмасдан қолиб кетмоқда. Биргина Жиззах вилоятининг Бахмал туманида Темирқадам қишлоғидаги жойлашган Хўжаи Кўндаланг, Ўсмат қўрғонидаги Ўсматота, Муғол қишлоғидаги Мирсаид Бараканинг укалари Мир Саид Ахмат каби буюк зотлар қўним топган масканлар мавжуд. Уларни фақат маҳаллий аҳоли билади ва зиёрат қилиб туради. Буларнинг тарихи Амир Темур билан боғлиқлигини айрим китобларда қайд этилган,аммо тўлиқ ўрганилмаган ва эътибордан четда қолиб келинмоқда. Ушбу ҳолат мамлакатимизнинг зиёрат туризми имкониятлардан тўла фойдаланилмаётганлигимиз ва кўпгина зиёратгоҳлар қаровсиз аҳволда эканлигини кўрсатиб турибди.

Буни юртимизда машҳур бўлган ва ислом дунёсида тан олинган алломаларнинг мақбаралари, табаррук қадамжолари ҳам жуда кўп. Президентимиз турли вилоятларда Нақшбандия тариқатини тарғиб қилган 12 уламонинг қабри борлиги, улардан ҳозир 8 таси, яъни Бухородаги “Етти пир” ва Самарқанддаги “Хўжа Аҳрор Валий” зиёратгоҳлари обод қилинаётганлиги, лекин Сурхондарёдаги Муҳаммад Зоҳид Бухорий, Аловуддин Аттор ва Қашқадарёдаги Муҳаммад Дарвеш, Муҳаммад Инганакий мақбаралари таъмирга муҳтожэканлигини таъкидлаб, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимларига ушбу қадамжоларни ободонлаштириш, уларга олиб борувчи йўллар ҳолатини яхшилаш, зиёратчилар учун барча шароитлар яратиш бўйича топшириқлар берилди.

Бугунги кунда туристлар оқимини кўпайтиришга йўналтирадиган Ўзбекистон туризм брендини яратиш ва уни хорижда тарғиб қилиш масаласи ҳам аҳамиятга эга. Мамлакатимизда инвестиция, савдо ва туризм салоҳиятини ўзаро мувофиқлаштириб кўрсатадиган ягона брендни ташкил қилиш ва унинг рекламасини амалга ошириш ҳам ўта зарур тадбирлардан биридир. Бунинг учун Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини кеча-кундуз тарғиб қилувчи, саёҳатга оид турли қизиқарли кўрсатувлар намойишини Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги томонидан халқаро телеканал ташкил этишни тезлаштириш ҳам мақсадга мувофиқдир.

Мамлакатимиз иқтисодий қудратининг ошиши, шу жумладан,туризмнинг ривожланиши ҳамманинг манфаатига, улар фаровонлигининг ошиши, ҳаёт даражаси ва сифатининг ўнгланишига қаратилган ва бу ишда ҳамма ўзларининг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда ҳиссаларини қўшишга масъулдир. Бу хайрли ишда хориж давлатлардаги элчилар ҳам иштирок этиши ва уларнинг туризмнинг ривожланиши учун ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиш вазифаси ҳам юклатилган. Улар мамлакатимиз, миллий қадриятларимизнинг тарғиботчилари бўлиши билан бирга, бу ишга чет элдаги ватандошларимизни ҳам  жалб қилиш зарурлиги, уларнинг туризмни ривожлантиришга муносиб ҳиссаларини қўшиши лозимлиги ҳам белгиланган. Туризм ривожи учун тегишли давлат ва ҳудудий дастурларда белгилаб берилган устувор йўналишларни амалга оширишда, ушбу ишнинг мувоффақиятли бажарилишига зарур шароитларни яратишга барча мутасадди ташкилотлар билан бирга бутун аҳолимиз ҳам хизмат қилмоғи лозим. Аҳоли миллатимизнинг маданияти ва меҳмондўстлигидан тортиб бағрикенглигини ҳам ўзларининг яшаш тарзи, уларга муносабати ва ҳалол хизматлари билан номойиш қилиш лозим.

Кўриниб турибдики, туризмни ривожлантириш, эртанги кунда уни иқтисодиётнинг етакчи тармоғига айлантириш учун амалга оширилиши зарур бўлган ҳамма вазифалар белгиланди, тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатилар яратилди. Буларнинг ҳаммаси бугун барпо қилинган эртанги кун пайдевори бўлиб ҳисобланади. Мустаҳкам пайдеворга эга бўлган иморат чиройли бўлиш билан бирга узоқ йиллар халқимизга хизмат қилади.

 

Мамаюнус ПАРДАЕВ,

Самарқанд Иқтисодиёт ва сервис институти профессори,

иқтисод фанлари доктори, профессор