2018-10-11 16:16:28

ГЕРМАНИЯЛИКЛАР САМАРҚАНДДА МЕҲМОНА ҚУРМОҚЧИ

Самарқандга Германиянинг “RIMC Hotels and Resorts” компанияси вакилларидан иборат делегация ташриф буюрди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги расмий сайти хабар берди.

Компания бошқарувчиси Герт Прантнер, дунёга машҳур бўлган “Монтана” компанияси бошқарувчиси Богдан Цешинский, Германияда чоп этиладиган “Euro-Asia” журнали бош муҳаррири Марат Абишевдан иборат делегация аъзолари компания ҳақида батафсил маълумот берди.

Мазкур компания меҳмонхона ва бошқарув соҳасида халқаро миқёсда катта тажрибага эга. Айни пайтда Германиядан ташқари Австрия, Италия, Испания, Швейцария, Хитой ва бошқа кўплаб мамлакатларда меҳмонхоналари мавжуд.

Компаниянинг ўзига хос жиҳати ҳар бир ҳудудда ўша жойга мос тарзда меҳмонхона ташкил этади. Бунда ҳудуднинг қонун-қоидалари, халқнинг минталитети, миллатнинг урф-одатига алоҳида эътибор қаратилади.

Учрашувда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Э. Турдимов меҳмонларга айни пайтда Самарқанд шаҳрининг бош режаси тузилаётгани, бу жараён яқин вақтларда якунига етиб, бугун билдирилган таклиф ва лойиҳалар албатта инобатга олинишини таъкидлаб ўтди.

“Туркистон-пресс”