2018-10-11 16:22:24

ТОШКЕНТДА AKFA ХУСУСИЙ УНИВЕРСИТЕТИ ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ

Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими порталида Ўзбекистон Президентининг “Тошкент шаҳрида Акфа халқаро университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди. 

Университетни ташкил этиш ташаббусини Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда “Akfa Medline” МЧЖ билдирди. 

Университет иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларининг аниқ эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда фунтаментал, аниқ, тиббиёт ва гуманитар фанлар бўйича юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш билан шуғулланади.

Лойиҳага кўра, университет олий таълим муассасаси —Ўзбекистон Республикасининг юридик шахс мақомига эга резиденти бўлади. Жумладан, университет масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этилади.

Таъкидланишича, ўқув-методик бошқарув ва таълим жараёнини олиб бориш университет томонидан етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан тузилган келишувлар асосида таъминланади. 

Таълим бериш Ўзбекистон давлат талаблари ва таълим стандартлари ҳисобга олинган ҳолда, хорижий таълим муассасаларининг ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ инглиз тилида амалга оширилади.

Битирувчиларга университет томонидан белгиланган намунадаги олий таълим ҳақидаги диплом берилади.

Университетда таълим кундузги таълим шаклида тўлов-контракт асосида амалга оширилади. 

Университет фаолияти таъсисчилар ҳамда тўлов-контракт асосида ўқишга кирувчи талабалар маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.

Тошкент шаҳри ҳокимиятига университет балансига Шайхонтоҳур тиббиёт коллежи биносини бериш топширилади.

2022 йил 1 январгача университет барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий тўловларни тўлашдан озод этилади.

“Туркистон-пресс”