2018-10-11 18:17:33

РОССИЯ ПРЕЗИДЕНТИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЯНГИ ЭЛЧИСИДАН ИШОНЧ ЁРЛИҒИНИ ҚАБУЛ ҚИЛИБ ОЛДИ

2018 йил 11 октябрь куни Кремль саройида Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин томонидан мамлакатда янги тайинланган элчилардан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабарберди.

Хабарда қайд қилинишича, маросимда Норвегия, Испания, Дания, Таиланд каби жами 23 давлатнинг янги элчилари қабул қилинган. Уларнинг ичида Ўзбекистоннинг Россиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида янги тайинланган Ботиржон Асадов ҳам бор.

—Ўзбекистон Россиянинг стратегик шериги ва иттифоқчиси ҳисобланади, — деди Владимир Путин мазкур маросимда. —Икки томонлама алоқалар сиёсий, савдо-иқтисодий, ҳарбий-техник, маданий-гуманитар соҳаларда тобора ривожланиб бормоқда. Келаси ҳафтада Тошкентга қиладиган давлат ташрифим давомида ҳам Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев билан бу борада самарали музокралар ўтказишни ва улар натижаси ўлароқ ҳукуматлараро ва савдо йўналишида ҳамкорликдаги йирик келишув ҳужжатларини имзоланишидан умидворман. Ўзбекистон раҳбари билан минтақалараро ҳамкорлик форуми йиғилиши ва тақдимотларда иштирок этамиз ва ва “Росатом” томонидан биринчи ўзбек атом электрстанцияси қурилишига старт берамиз.

Эслатиб ўтамиз, Ботиржон Асадов 2018 йилнинг февралидан буён Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритиб келаётганди. У турли йилларда Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчиси, Ўзбекистон Республикасининг Хитойдаги элчихонаси маслаҳатчиси ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари сифатида ишлаган.

“Туркистон-пресс”