2018-10-12 14:17:10

ТОШКЕНТ МЕТРОСИДАГИ ҲОЛАТ ЮЗАСИДАН РАСМИЙ БАЁНОТ БЕРИЛДИ

Тошкент метрополитенида содир бўлган ҳолат юзасидан “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ  расмий маълумот берди. Бу ҳақда “Халқ сўзи” онлайн хабар бермоқда.

Расмий хабарга кўра, 2018 йил 11 октябрь куни соат 14:24да ўтганда Чилонзор метро линиясининг Олмазор бекатида 14-сонли маршрут бекатнинг айланиш жойига келганда техник носозлик туфайли тўхтаб қолган. Ундан кейин келаётган поездларни айлантириш имконияти бўлмаган.

“Шу сабабли метродаги поездлар ҳаракат жадвалини сақлаш ҳамда йўловчиларга қулайлик яратиш, шунингдек, поездлар оралиғидаги масофа чўзилиб кетишининг олдини олиш мақсадида Пахтакор бекатида вақтинча поездлар иккинчи йўлга айлантирилиб, ҳаракати ташкил қилинди. Бу жараёнда поездлар қатновининг оралиқ масофаси 17 дақиқани ташкил қилди. Юз берган техник носозлик жами 35 дақиқада бартараф қилинди ва метро поездлари яна ўз жадвали асосида ҳаракатини давом эттирди”, дейилади хабарда.
  
“Бундай техник носозлик туфайли юзага келган ноқулайлик учун Тошкент метрополитени маъмурияти барча йўловчилардан узр сўрайди”,деб тугатилади баёнотда.