2018-10-12 14:24:17

ПАРАОСИЁ ЎЙИНЛАРИ ШОҲСУПАСИДА ФАҚАТ ЎЗБЕКИСТОН БАЙРОҒИ ҲИЛПИРАДИ!

Хабарингиз бор, Индонезиянинг Жакарта шаҳрида III Параосиё ўйинлари давом этмоқда.Мазкур ўйинларда ўзбекистонлик паралимпиячилар муваффақиятли иштирок этишмоқда. Спортчиларимиз шу кунга келиб 60 дан зиёд медалларни қўлга киритиб улгуришган. Бу ҳақда МОҚ Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қувонарлиси, ушбу ўйинлар давомида ватандошларимиз учун ёқимли бўлган ҳолат кузатилди. Кузатилганида ҳам бир маротаба эмас, тўрт маротаба бундай қувончли  манзаранинг гувоҳи бўлдик.

Сузиш баҳслари якунларига кўра, тўрт маротаба шоҳсупадан фақат Ўзбекистон спортчилари ўрин олишди.

Аввалига 8 август куни эркаклар ўртасида 100 метрга эркин усулда сузиш баҳсларида ҳамюртларимиз Ислам Асланов, Музаффар Турсунхўжаев ва Дмитрий Хорлинлар шоҳсупага кўтарилишди. Кеча эса Осиё бундай манзарага уч маротаба гувоҳ бўлди. Баттерфляй усулида 100 метрга сузиш бўйича эркаклар ўртасида Ислам Асланов, Кирилл Паньков ва Дмитрий Хорлин, аёллар ўртасида эса Шоҳсанамхон Тошпўлатова, Фотимахон Амилова ва Нигорахон Мирзоҳидоваларга тенг келадиган рақиблар топилмади. Сўнгра, 100 метрга аёллар ўртасида чалқанча сузиш беллашувларида ҳам уч нафар ўзбек қизи Шоҳсанамхон Тошпўлатова, Нигорахон Мирзоҳидова ва Фотимахон Амиловалар маррага рақибларидан тезроқ етиб келишди.

“Туркистон-пресс”