2018-10-12 14:34:58

ОДАМ САВДОСИГА ҚАРШИ КУРАШ БЎЙИЧА ТАРҒИБОТ ИШЛАРИ КУЧАЙТИРИЛМОҚДА

Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят кенгаши “Ёш адолатчилар” қаноти ташаббуси ҳамда Бухоро Давлат университети билан ҳамкорликда партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Одам савдоси, экстремизм ва терроризм: инсон ҳуқуқ ва эркинликларига таҳдид” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирни ташкил этишдан мақсад — ёшларни турли салбий иллатлардан ҳимоя қилиш ҳамда уларга одам савдоси, терроризм ва экстремизм кабиларнинг туб моҳияти, уларга қарши курашиш чоралари ҳақида тарғибот ишларини кучайтиришдир.

Давра суҳбатини кириш сўзи билан Бухоро Давлат университети “Тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси” кафедраси ўқитувчиси Шарофат Собирова очиб берар экан, у ёшлар учун мамлакатимизда яратилаётган шароитлар ҳамда бу борада университетда қилинаёган амалий ишлар хусусида тўхталиб ўтди.

Партия вилоят кенгаши раиси ўринбосари Бобир Ражабов тадбир давомида сўзга чиқиб, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти ҳақида тўхталиб ўтди. Шу билан бирга мамлакатимизда айнан одам савдоси, экстремизм ва терроризмга қарши курашишга жуда катта эътибор қаратилганлиги, бундай жиноятларнинг олдини олиш, уни бартараф этиш мақсадида ҳуқуқий асосларнинг яратиб келинаётганлиги тўғрисида таъкидлади.

Албатта, қабул қилинган қонун ва қонуности меъёрий ҳужжатларнинг ижросини таъминланиши борасида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ташвиқот ишлари олиб бориляпти. Бу борада самарали ишлар амалга оширилмоқда. Уларнинг ижобий самараси ўлароқ хориж мамлакатларига чиқиб, ўз саломатлиги йўқотган, жабр кўрган фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тикланяпти. Бу эса шубҳасиз,  фуқароларнинг ўзига бўлган масъулиятини оширяпти.

Тадбирда айнан мана шу жиҳатлар ҳақида ҳам алоҳида қайд этилди.

—Одам савдоси ва экстремизм, терроризм глобал муаммолардан биридир. Айниқса, ёшлар орасида бундай салбий иллатларга қўшилиб кетаётганлар йўқ эмас.Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят кенгаши томонидан ташкил этилган давра суҳбатида биз ёшлар бу салбий иллатлар ҳақида  бирмунча чуқурроқ фикр ва тушунчага эга бўлдик. Уларга қарши курашиш омилларини ўзлаштира олиш имкониятини қўлга киритдик. Айниқса, вилоят “Ёш адолатчилар” гуруҳи томонидан қилинаётган амалий ишларнинг натижалари қизиқишимизни,сиёсий фаолигимизни оширди,— дейди туризм факультетининг иқтидорли талабаси Дилдора Эсонова.

Тадбир сўнгида ёшлар ўзларини қизиқтирган барча саволларига тўлиқ ва батафсил жавоб олишди, шунингдек, фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Моҳигул Абдуллаева,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят кенгаши матбуот котиби   

(“Туркистон-пресс”).