2018-10-12 17:14:31

ДУШАНБЕДА ШҲТГА АЪЗО ДАВЛАТЛАР ҲУКУМАТ РАҲБАРЛАРИ КЕНГАШИ ЙИҒИЛИШИ БЎЛИБ ЎТДИ

2018 йилнинг 12 октябрь куни Душанбе шаҳри (Тожикистон)да Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ҳукумат раҳбарлари Кенгашининг навбатдаги  мажлиси “Кўҳи Сомон” қароргоҳида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳам иштирок этди.

Мажлис якунида ўндан зиёд ҳужжат ва меморандумлар имзоланди. Иштирокчи давлатлар йиғилиши қарорига кўра,  Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти Ҳукумат раҳбарлари Кенгаши раислиги Ўзбекистонга ўтди.

Мазкур йиғилишдан олдин Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ҳукумат раҳбарлари Кенгаши иштирокчи делегациялари раҳбарлари билан “Миллат” саройида учрашув ўтказди.


 “Глобал чақириқлар бизни уч хавф — терроризм, экстремизим ва сепаратизмга қарши биргаликда курашишга эътибор беришимизни талаб қиляпти. Шунингдек, наркотик моддалар, қурол ва радикал диний ғоялар, кибержиноятчилик ва бошқа трансчегаравий жиноятларнинг тарқашига ҳам қарши туриш керак”, деган Тожикистон раҳбари.

 Имомали Раҳмон ШҲТ мажбуриятидаги ҳудудларда хавфсизлик ва барқарорликнинг сақланиши Яқин Шарқ ва Афғонистондаги вазиятга бевосита боғлиқлигини таъкидлади.

 Шу сабабдан Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни тиклаш ШҲТ ҳудудида хавфсизликни таъминлашда сосий омил ҳисобланади.

 Тожикистон Президенти ШҲТ доирасидаги иқтисодий характердаги ҳамкорликнинг ўрни ҳам муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлаган.