2018-10-15 14:19:36

ФРАНКФУРТ ШАҲРИДА “ЎЗБЕК ХАЛҚ ЭРТАКЛАРИ” КИТОБИ НАМОЙИШ ҚИЛИНМОҚДА

2018 йилнинг 10-14 октябрь кунлари Германиянинг Франкфурт шаҳрида “Frankfurt Buchmesse” халқаро китоб кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.  Бу ҳақда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур кўргазмада Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг “Oʻqituvchi” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан немис тилида нашр қилинган “Ўзбек халқ эртаклари” китоби намойиш қилинмоқда.

Хуррам Раҳимов таржимонлиги остида чоп этилган ушбу китобда ўзбек миллатининг “Зумрад ва Қиммат”, “Ёрилтош”, “Эркенжа”, “Ур тўқмоқ”, “Нўҳот полвон” каби ўттиздан ортиқ севимли эртаклари жамланган. Уларда миллатимизга хос ватанпарварлик, раҳм-шафқат, зукколик, меҳмондўстлик, ростгўйлик, сахийлик каби ўнлаб фазилатлар устувордир.

Шу билан бирга “Oʻqituvchi” НМИУ томонидан жаҳон адабиёти дурдоналари, жумладан, Даниел Дефонинг “Робинзон Крузонинг саргузаштлари”, Теодор Драйзернинг “Сармоядор”, Феодор Достоевскийнинг “Иблислар”, “Камбағаллар”, Антон Чеховнинг “Бўйинга осилган Анна” каби китоблар намойиш қилинмоқда.

Нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан жаҳон адабиёти намуналари билан бир қаторда, нашриёт ўзбек адабиётининг забардаст ёзувчилари —Абдулла Қодирий, Ўткир Ҳошимов, Пиримқул Қодиров, Эркин Воҳидовларнинг кўплаб китоблари  билан иштирок этмоқда.

“Туркистон-пресс”