2018-10-15 17:18:04

МАМЛАКАТИМИЗ АҲОЛИСИ СОНИ 33 МИЛЛИОНДАН ОШДИ

Ўзбекистон доимий аҳолиси сони 2018 йил 1 октябрь ҳолатига кўра 33,085 миллион кишини ташкил этди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Манба ахборотига кўра, аҳоли сони йил бошига нисбатан 428,5 минг кишига ёки 1,3 фоизга ўсган. Маълумотларга кўра, шаҳар аҳолиси сони 16,728 миллион кишини (жами аҳоли сонидаги улуши 50,6 фоиз), қишлоқ аҳолиси сони 16,357 миллион кишини (49,4 фоиз) ташкил этди.

Республика ҳудудлари кесимида таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 2018 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, энг кўп аҳоли сони Самарқанд вилоятида 3,777 миллион кишини (республика аҳолиси сонидаги улуши 11,4 фоизни) ва Фарғона вилоятида 3,665 миллион кишини (11,1 фоиз), аксинча, энг кам аҳоли сони Сирдарё вилоятида 825,8 минг кишини (2,5 фоиз) ва Навоий вилоятида 969,7 минг кишини (2,9 фоиз) ташкил этди.

Ҳудудлар кесимида аҳолининг энг юқори ўсиш суръати 2017 йилнинг мос даврига нисбатан Сурхондарё вилоятида 2,2 фоизни, Самарқанд вилоятида 2,1 фоизни, Қашқадарё вилоятида 2,0 фоизни, Жиззах ва Наманган вилоятларида 1,9 фоизни ва Тошкент шаҳрида 1,8 фоизни, аксинча, энг кам ўсиш суръати Тошкент вилоятида 1,2 фоизни, Қорақалпоғистонда 1,4 фоизни ташкил этди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистон аҳолиси сони 32 млн 900,1 минг кишини ташкил қилганди.