2018-10-15 18:01:12

ОҚДАРЁДА ТИББИЁТ СОҲАСИДА ИЗЧИЛ ИСЛОҲОТЛАР АМАЛГА ОШИРИЛМОҚДА

Оқдарё тумани қишлоқлари вилоят маркази Самарқанд шаҳридан унчалик олис масофада эмас. Шу боис бўлса керак, бу ҳудудда тиббий кадрлар етарли даражада. Қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда ҳам шифокор етишмаслиги ҳақидаги муаммоларга дуч келинмайди. Аксинча, доимий иш билан таъминланган малакали тиббиёт ходимлари кўп.

Улар доимий равишда туман аҳолисига кўрсатилаётган тиббий хизматнинг сифат ва самарадорлигини ошириш йўлида курашади. Шу мақсадда жойларда янги сиҳатгоҳлар барпо этилаяпти, мавжудлари таъмирланаяпти. Айниқса, марказий касалхона учун янги биноларнинг барпо этилгани қувончли ҳолдир. Тумандаги шифо масканларининг 6 таси замонавий, 5 таси мослаштирилган биноларда жойлаштирилган. 2015-2017 йилларда кўп тармоқли марказий поликлиника ва юқумли касалликлар бўлими қурилди. 2018 йилда ишга туширилган 95 ўринли туғруқхона қурилиши учун  инвестиция дастури асосида 5 миллиард сўм маблағ сарфланди.

2019 йилда  инвестиция дастури асосида  болалар, ички касалликлар, тез тиббий ёрдам бўлими, маъмурий бино, дизокамера, кирхона, ошхона, стерилизация бўлимларида қурилиш ишлари режалаштирилмоқда. Бу йилда жами 8 миллиард сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилади. 2020 йилда ҳам бунёдкорлик ишлари давом эттирилиб, қурилиш-монтаж ишларига 5 миллиард сўм сарфланиши режалаштирилган.

      —295 ўринли марказий касалхона, 250 қатновга мўлжалланган кўп тармоқли марказий поликлиника, 6 ҚВП,  3 та оилавий поликлиника ва 12 та хусусий тиббиёт муассасалари аҳоли хизматида, — дейди Оқдарё туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Аъзамхон Мустафоев. —Марказий касалхонада 60 ўринли терапия, 30 ўринли шошилинч тез тиббий ёрдам, 30 ўринли юқумли касалликлар, 95 ўринли туғруқхона, 45 ўринли режали жарроҳлик, 35 ўринли болалар бўлими ишлаб турибди. Тиббиёт тизимида  180 нафар врач, 880 нафар ўрта тиббиёт ходими фаолият кўрсатмоқда.

Туман марказий касалхонаси бўлимлари, жойлардаги қишлоқ врачлик пунктлари ва қишлоқ оилавий поликлиникаларини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш борасида ҳам жиддий ўзгаришларга эришилди. Саломатлик дастурлари асосида туманга энг сўнгги русумдаги тиббий жиҳозларнинг келтирилаётгани эътиборлидир.

Туман тиббий муассасаларини дори-дармон билан таъминлаш даражаси йил сайин яхшиланиб бораяпти. 2017 йилда тиббиёт бирлашмасига дори-дармон учун 628.483 минг сўм ажратилган эди. 2018 йилда эса бу кўрсаткич 1417.704 минг сўмни  ташкил этаяпти.   

Туманда тез тиббий ёрдам бўлимида ҳам ўзгаришлар катта. Ҳозир тез ёрдам хизмати таркибида 8 та тез ёрдам бригадаси фаолият кўрсатмоқда. Хизматдаги 8 та тез ёрдам машиналарининг  7 тасини “Дамас”, 1 тасини эса “Ниссан” русумли автомашиналар ташкил этади. Бу хизматда 47 нафар врач ва 56 нафар ўрта тиббий ходимлар фаолият кўрсатмоқда.

Хуллас, Оқдарё туманида аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда ўзгаришлар катта. Бу ўзгаришлар аҳоли саломатлигининг доимий муҳофаза қилинишида муҳим рол ўйнайди, албатта.

Актамжон БЕРДОНОВ,

“Туркистон-пресс”