2018-10-15 18:02:38

ФРАНЦИЯДАГИ ХАЛҚАРО КЎРГАЗМАДА ТУРИЗМ БЎЙИЧА ҲАМКОРЛИК

Жорий йилнинг 21-28 сентябрь кунлари Франция Республикасининг Париж шаҳрида Халқаро «Le Villiage de la Gastronomie» гастрономик фестивали ҳамда «ITFM Top Resa» туристик кўргазмаси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигида ушбу мамлакатга ташриф буюрган юртимиз делегацияси таркибида Самарқанд вилояти вакиллари ҳам фаол иштирок этди.

Жумладан, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, вилоят Ички ишлар бошқармаси, “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят ҳудудий бошқармаси, Самарқанд қоғози ишлаб чиқарувчи “Конигил мерос” оилавий корхонаси, “Самарқанд-Бухоро ипак гилами” қўшма корхонаси, Ховренко номли Самарқанд вино комбинати вакилларидан иборат Самарқанд делегацияси дастлаб Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонасида мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллигига бағишланган қабул маросимида қатнашди.

Шундан сўнг, “Le Villiage de la Gastronomie” гастрономик фестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Фестивалда 55 давлат вакиллари ўзларидаги миллий ҳунармандчилик ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан иштирок этди.

Самарқанд делегацияси Франция, Хитой, АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Индонезия, Испания, Мексика, Аргентина, Португалия, Тунис, Сурия, Россия, Арманистон каби давлатлар вакиллари билан ўзаро фикр алмашди. Уларга Самарқанднинг туризм салоҳияти, осори-атиқаларимиз, тарихий қадамжоларимиз, шунингдек, миллий озиқ-овқат маҳсулотларимиз, Самарқанд нони ва бошқа маҳсулотлар ҳақида батафсил маълумотлар берилиб, Самарқандга туристик маршрутни йўлга қўйиш ва ҳамкорликни ўрнатиш бўйича аниқ таклифлар муҳокама қилинди. Миллий таомимиз —Самарқанд палови тайёрланиб, фестиваль иштирокчиларига тарқатилди.

“ITFM Top Resa” 40-Халқаро туристик кўргазмасининг очилиш маросимида эса дунёнинг 210 та давлати (орол давлатлар билан биргаликда) ва 6111 та компаниялар вакиллари қатнашди. Делегациямиз аъзолари томонидан кўргазмада иштирок этаётган Франция, Испания, Туркия, Эрон, Марокаш, Шри Ланка, Камбоджа, Барбадос, Аргентина, Сальвадор, Бразилия, Россия, Грузия, Украина, Қозоғистон ва Тожикистоннинг туристик компаниялари вакиллари билан мулоқотлар ўтказилиб, юртимизнинг бой тарихи, диққатга сазовор жойлари ва туристик салоҳияти ҳақида маълумотлар берилди ҳамда ҳамкорликни кенг йўлга қўйиш борасида музокаралар ўтказилди.

“Туркистон-пресс”