2018-10-16 15:00:31

ЖОРИЙ ЙИЛНИНГ 9 ОЙИДА СОЛИҚ БЎЙИЧА ҚАРЗДОРЛАРДАН ДАВЛАТ БЮДЖЕТИГА 1 583,7 МЛРД. СЎМ УНДИРИЛДИ

Давлатимиз раҳбари республикамизнинг хар бир вилоятига амалга оширган ташрифлари давомида ҳудудларни ободонлаштириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳолининг турмуш фаровонлигини яхшилашга йўналтирилган лойиҳаларни ўз вақтида молиялаштириш мақсадида маҳаллий бюджетлар даромадларини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Бунинг учун тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ноқонуний фаолият юритаётган фуқароларни белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш орқали солиқ базасини кенгайтириш, маҳаллий бюджетга тушумларни кўпайтириш, солиқ қарздорлигининг ўсиб кетишига йўл қўймаслик юзасидан мутасадди вазирлик ва идораларга аниқ вазифалар белгилаб берилмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, солиқ қарзини қисқартириш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг қўшма буйруқларига асосан 1121 нафар ходим юридик ва жисмоний шахсларнинг солиқ қарзини суд тартибида ундириш ишларига жалб қилинди.

Ҳамкорликдаги тадбирлар натижасида 2018 йилнинг 9 ойи давомида 27 669 нафар қарздорлардан 1 583,7 млрд. сўм маблағ давлат бюджетига ундирилди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими хабар бермоқда.

Хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда аҳоли ўртасида профилактик тадбирлар ўтказилиб, Солиқ кодексининг 59, 65 моддаларига асосан солиқ тўловчилар зиммаларидаги солиқ мажбуриятларини ўз вақтида бажаришлари, белгиланган тўловларни муддатидан кечиктирмасдан тўлашлари лозимлиги тушунтирилмоқда.

Бироқ огоҳлантиришларга қарамасдан бюджетга тушиши керак бўлган солиқларни тўламаган 8982 нафар қарздорларнинг 428,5 млрд. сўмлик 1695 та транспорт воситалари, 1354 та бино иншоотлари, 14 081 та офис жиҳозлари ҳамда бошқа турдаги мол-мулклари кимошди савдолари орқали сотиш ва тушган маблағлардан солиқ қарзини тўлаш учун хатловга олинди.

Бундай тадбирлардан кўзланган мақсад кимнидир жазолаш ёки бировнинг мулкини олиб қўйиш эмас, аксинча, қонун устуворлигини таъминлаш, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишдир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 51-моддасида “Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурлиги” ҳамда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 6-моддасида ҳар бир шахс “Солиқ кодексида белгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаши шартлиги” белгилаб қўйилган.

Солиқ сифатида тўланган ҳар бир маблағ, шу жумладан, бюджетга ва бюджетдан ташқари давлат мақсадли жамғармаларига тўланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар турли иқтисодий ва ижтимоий харажатлар шаклида ватанимиз сарҳадларининг мустаҳкамлигига, халқимиз фаровонлигини ошириш ва кучли ижтимоий ҳимоясини таъминлашга сарфланади.