2018-10-17 14:05:14

ЁШ ФЕРМЕРЛАР УЧУН СЕМИНАР

Мамлакатимизда фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда уларни етакчи кучга айлантириш буйича мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда шарт-шароитлар яратилган. Бу борада етакчи фермерлар тажрибасини оммалаштириш, ёшлар ўртасида фермерлик ҳаракатини ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.

Ана шу  мақсадда Навбаҳор туманида  “Таълим билан амалиёт: устозлар нигоҳида” мавзусида ўқув семинари бўлиб ўтди.  Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Навоий вилоят кенгаши ва вилоят  Фермерлар кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда вилоятдаги кўплаб ёш тадбиркорлар, фермерлар  ҳамда Навбаҳор туманидаги тажрибали   фермер хўжалиги раҳбарлари иштирок этди. Семинар давомида малакали мутахассислар ва тажрибали фермерлар,  ёш тадбиркорларга  қишлоқ хўжалигида замонавий техника ва технологияларни қўллаш, янги интенсив усулларни жорий этиш борасида, шунингдек, инновацион лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш бўйича ўз тажриба ва билимлари билан ўртоқлашдилар.

Юздан ортиқ соҳага қизиқувчи ёшлар гуруҳларга бўлиниб, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги янгиликлар ва фермерлик сирлари билан танишиб, тадбиркорликнинг бошланғич билимларига эга бўлди.

Ўқув семинари вилоят бўйлаб давом этмоқда.

Шуҳрат НОРМУРОДОВ,

“Туркистон-пресс”