2018-10-17 14:08:56

НАВОИЙДА 600 ТОННАДАН ОРТИҚ ЧИҚИНДИЛАР ҚАЙТА ИШЛАНДИ

Бугун  инсоният ва сайёрамиз келажаги кўп жиҳатдан атроф-муҳитни асраш, жумладан, табиатнинг ифлосланиши, табиий ва маданий ландшафтларга инсонлар ва табиий офатларнинг салбий таъсири оқибатида юзага келувчи долзарб муаммоларни ҳал этиш салоҳиятига боғлиқ бўлиб қолди.

Ҳозирги кунда чиқиндилар атроф-муҳитни ифлослантириши оқибатида табиатга, инсонлар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдираётганлиги барчага маълум. Шу каби муаммоларни бартараф этиш  мақсадида бугунги кунда Навоий вилоятида  15 та  қаттиқ маиший чиқиндиларни кўмиш полигонлари, 3 та чиқиндиларни утилизация қилиш, 4 та фойдаланиб бўлингандан кейин кўмиб ташланадиган шлам тўплаш жойлари, 6 та саноат чиқиндиларини кўмиш жойлари  мавжуд бўлиб, ана шу чиқиндиларни яроқлиларини қайта ишлашга мослашган  3 та  қайта ишловчи корхоналар фаолият юритиб келмоқда.

Улар томонидан жорий йилда 300 тонна қоғоз, 33 тонна  автомобиль шиналари ва  244  тонна ўсимлик мойи ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўлган чиқиндидан кир ювиш совуни ишлаб чиқарилган. Шунингдек, ҳудудлардаги  ҳосил қилинадиган қаттиқ маиший чиқиндиларни ўз вақтида ташиб кетиш ишлари  “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонасининг 8 та шаҳар ва туман филиаллари  ва 2 та хусусий ташкилотлар томонидан амалга ошириб келинмоқда.

Бундан ташқари, вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан аҳоли ўртасида экологик маданиятни шакллантириш мақсадида ҳудудлардаги 603 та маҳаллаларда жамоатчилик инспекторлари фаолияти ҳам йўлга қўйилди.

Шуҳрат НОРМУРОДОВ,

“Туркистон-пресс”