2018-10-17 14:10:34

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИНИНГ АРАЛАШУВИ БИЛАН 16 НАФАР ОИЛА ЎЗ УЙИГА ЭГА БЎЛДИ

Фуқаролар томонидан Адлия вазирлигига пойтахтдаги “Сувлойиҳа” ДУКкақарашли Юнусобод тумани, Юнусобод 1-берк кўчада жойлашган кўп қаватли 22-ётоқхонада узоқ йиллардан буён яшаб келаётган 16 нафар оила ва аъзоларининг талабидан келиб чиқиб, ушбу ётоқхонани турар-жой мақомига ўтказиш масаласи бўйича мурожаат келиб тушди ва у муфассал кўриб чиқилди. Бу ҳақда вазирлик Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Уй-жой кодексининг 82-моддасида уйларни ётоқхоналарга ўтказиш, шунингдек, ётоқхоналарга уйлар мақомини бериш уй-жой фондининг мулкдорлари томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишилган ҳолда амалга оширилиши белгиланган.

Муаммони ҳал этишда Юнусобод туман ҳокимининг 2018 йил 12 июнда қабул қилинган 282-ф-сон алоҳида фармойиши асосида давлат қабул ҳайъати аъзолари томонидан ётоқхонани турар-жой мақомига ўтказиш масаласи кўриб чиқилиши таъминланди.

Натижада 20 йилдан буён фуқароларни қийнаб келаётган муаммо ҳал этилди. Юнусобод туман ҳокимининг 2018 йил 12 октябрдаги 1659-сон қарорига асосан Юнусобод тумани, Юнусобод 1-тупик, 22-ётоқхона биноси ётоқхона мақомидан чиқарилиб, уй-жой фонди рўйхатига киритилди.

Сурайё ИМОМОВА,

“Туркистон-пресс”