2018-10-17 14:34:02

ОРОЛ ДЕНГИЗИНИ АСРАШ БЎЙИЧА ICBA БИЛАН МЕМОРАНДУМ ИМЗОЛАНДИ

Самарқанд давлат университетида “Орол денгизи ҳавзасида мустаҳкам бошқарув ва ижтимоий барқарорликка эришиш учун инновацион ёндашувлар” мавзусидаги уч кунлик Халқаро форумнинг очилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Зарафшон” газетаси расмий сайти хабар берди.

Унда Ўзбекистон, Озарбайжон, Япония, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва 100 дан ортиқ сиёсатчилар, халқаро ва ҳудудий ташкилотлар вакиллари, олимлар иштирок этди.

Халқаро форумда Орол денгизи муаммолари, денгиз ҳавзасида мустаҳкам бошқарув ва ижтимоий барқарорликка эришиш учун инновацион ёндашувлар, шўр сувларни чучуклаштириш муҳокама этилди. Шунингдек, ҳудудда яшовчи аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, сув ресурсларини муҳофаза қилиш, аҳоли даромадини ошириш мақсадида инновацион ғоялар, илмий изланишлар, янги технологиялар ва сиёсий чораларни татбиқ этиш бўйича фикр ва тажриба алмашилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Дубайдаги Қурғоқчилик шароитда биодеҳқончилик Халқаро маркази (ICBA) ўртасида йўқоридаги муаммоларни олдини олиш бўйича меморандум имзоланди.

— Орол денгизи ҳудудида истиқомат қилувчи аҳоли сув танқислиги ва қишлоқ хўжалиги ишларини юритишда муаммоларга дуч келаётган экан, шўрланган сувни чучуклаштириш усулларидан фойдаланиш потенциалига эътибор қаратишимиз зарур, — дейди ICBA бош директори, доктор Исмаҳане Элоуафи. —  Ноанъанавий сув ресурсларидан фойдаланиш учун стратегик инвестициялар амалга оширилиши ҳам иқтисодий, ҳам экологик жиҳатдан фойда келтиради. Бунинг натижасида аҳолининг озиқ-овқат билан таъминланиш даражаси яхшиланади, сув тежалади.

Форум доирасида “Марказий Осиёда иқлим ўзгаришидан келиб чиқиб қишлоқ хўжалик экинларини диверсификациялаш ва моделлаштириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш” мавзусида ўқув курслари ташкил этилди.

Фото: Zarnews.uz