2018-10-17 15:42:47

АБДУМАЛИК ХАЛАКОВ ОЛТИН МЕДАЛИ УЧУН РИНГГА ЧИҚАДИ

Аргентинада III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинлари ниҳоясига етиб бормоқда. Ўзбекистонлик мухлислар учун, албатта, бокс бўйича баҳслар катта қизиқишга сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Бугун уч нафар боксчимиз ярим финалда ўз жангларини ўтказишди. Жумладан, -56 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Абдумалик Халаковнинг аргентиналик боксчи Мирко Куэльога қарши жанги кечанинг энг шиддатли тўқнашувларидан бири бўлди. Аренага йиғилганларнинг асосий қисми бу жангда мезбон боксчига мухлислик қилишди, жанг давомида қўллаб-қувватлашди. Шунга яраша Куэльо ҳам жангни ажойиб ўтказди. Аммо, баҳс давомида кўпроқ устунликка эришган ҳамюртимиз Абдумалик Халаков якунда ғалаба қозонди ва финал йўлланмасига эга бўлди.

-69 кг вазн тоифасида мусобақада иштирок этган Жаҳонгир Раҳмонов аргентиналик Агустин Аррегуига қарши жанг қилди ва имкониятни бой бериб қўйди. -81 кг вазнли Тимур Мержанов россиялик Руслан Колесниковга мағлуб бўлди.

Энди икки нафар боксчимиз Жаҳонгир Раҳмонов ва Тимур Мержанов бронза медали учун жанг қилса, Абдумалик Халаков олтин медаль учун рингга кўтарилади.

“Туркистон-пресс”