2018-10-18 16:51:40

ЎЗБЕКИСТОНДА БОЛАЛАРНИ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯЛАШ: МАҲАЛЛИЙ ВА ХОРИЖИЙ ИЛҒОР ТАЖРИБАЛАР

2018 йилнинг 17 октябридан Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази ва “Sen yolg'iz emassan” республика болалар жамоатчилик жамғармаси ташаббуси билан “Ўзбекистонда болаларни ижтимоий ҳимоялаш: инновациялар орқали ижтимоий ҳамкорликка” декадаси бошланиб, мазкур акция 26 октябрга қадар давом этади.

АҚШ, Исроил, Россия, Грузия ва Белорусдан ташриф буюрган етакчи халқаро экспертлар ривожланишида алоҳида эҳтиёжга эга бўлган болалар,  етим болалар, ижтимоий ва ҳуқуқий хатар гуруҳидаги болалар билан ишлашда янги ёндашувларни жорий этиш масалалари юзасидан маҳорат дарслари, семинарлар олиб борадилар. Маҳорат дарслари болаларни ижтимоий ҳимоялаш тизими мутахассислари, ижтимоий ишчилар, олий ўқув юртлари, умумтаълим ва ихтисослаштирилган муассасалар, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш марказлари, маҳалла қўмиталарида фаолият олиб борувчи педагоглар ва психологларга мўлжалланган.

Декада доирасида 2018 йил 18 октябрида Тошкентда “Ўзбекистонда болаларни ижтимоий ҳимоялаш: маҳаллий ва хорижий илғор тажрибалар” мавзусидаги икки кунлик халқаро конференция бошланди.

Халқаро конференция Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази, “Sen yol'g'iz emassan” республика болалар жамоатчилик жамғармаси ва ЮНИСЕФ томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қўллаб-қувватлаши асосида Халқ таълими, Мактабгача таълим, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Исроил давлатининг Ўзбекистондаги элчихонаси, Тошкент шаҳар ҳокимияти ва ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, “SOS Болалар маҳаллалари” жамғармаси кўмагида ташкиллаштирилди.

Конференциянинг мақсади — замонавий усул ва ёндашувлардан фойдаланган ҳолда ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар (ногиронлиги бўлган болалар, ижтимоий ва ҳуқуқий хатар гуруҳидаги болалар, иқтидорли болалар ва ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларининг тарбияланувчилари)га мажмуавий ёрдам кўрсатиш юзасидан тавсияларни муҳокама қилиш, таҳлил этиш ва ишлаб чиқишдан иборат.

Конференция ишида 200 га яқин маҳаллий ва хорижий мутахассислар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идораларининг раҳбарлари, мутахассислари, ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО, БМТнинг Тараққиёт дастури каби халқаро ташкилотлар, дипломатик корпусларнинг вакиллари, шунингдек, АҚШ, Исроил, Россия, Грузия, Молдавия, Белорусь, Қозоғистон ва Тожикистон каби давлатлардан экспертлар иштирок этмоқдалар.

Мутахассислар хорижий ҳамкасбларининг иш тажрибаси билан танишиш ва бу соҳадаги ўз ишланмалари, ютуқлари билан фикр алмашиниш имконига эга бўлишмоқда.

Конференция доирасида умумий ва секция йиғилишлари, давра суҳбатлари ва маҳорат дарслари бўлиб ўтмоқда.

Сурайё ИМОМОВА,

“Туркистон-пресс”