2018-10-19 15:10:10

МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТИЗИМИ:ХОРИЖДА БИЗ НИМАЛАРНИ КЎРДИК?

Самарқанд тумани мактабгача таълим бўлими тасарруфида 35 та мактабгача  таълим муассасалари  мавжуд.  Бугунги кунда уларда 5315 нафар бола тарбияланмоқда.  Муассасаларда янги “ Илк қадам” дастури асосида ишлар олиб борилаяпти.

Жорий йилда 23-сонли мактабгача  таълим муассасаси туман ҳокимининг ташаббуси билан ҳомийлар ёрдамида реконструкция қилинди. Таъмирталаб бўлган 70 ўринли мазкур муассаса эндиликда 150 нафар болажонлпрни қабул қилиш имкониятига эга бўлди. Муассаса гуруҳ хоналари  Корея Республикаси мактабгача таълим муассасалари тажрибасидан фойдаланган ҳолда жиҳозланди.

 Яқинда туман мактабгача таълим бўлими мудири Дилфуза Азизова  малака ошириш, тажриба алмашиш ҳамда Корея Республикаси мактабгача таълими тизимини ўрганиш, амалиётга татбиқ этиш мақсадида Донг-Гук университетида ташкил этилган  ўқув амалий  тренингида қатнашди.  Бу ҳақда у “Туркистон-пресс” мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:

Самарқанд вилоят мактабгача таълим бошқармаси ҳамда Корея Республикаси Донг-Гук университетининг мактабгача таълим факультети ўртасида имзоланган меморандум бизга шундай имконият яратган эди. Гуруҳ раҳбари, вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Нигора Саъдинова, СамДУ мактабгача таълим факультети декани Кибриё Ҳасанова ҳамда гуруҳнинг бошқа аъзолари билан нафақат бу анжуманда қатнашдик, балки, Кореянинг бир неча боғчаларида бўлдик, ўзимиз учун ибратли ишлар, бу ердаги ҳамкасбларимиз иш услублари билан танишдик.

Ўқув амалий  тренинги машғулотлари ва   бизга берилган маълумотлар асосида бу мамлакатда таълим муассасалари 95 фоиз болаларни қамраб олганлигини билиб олдик. Улар турли шаклларда ташкил этилган экан.  Жумладан,3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун болалар боғчалари давлат тасарруфида фаолият кўрсатади. Ижтимоий боғчалар ота-оналар ташаббуси билан хонадонларда ташкил этиларкан.  Уй боғчалари  ҳам мавжуд бўлиб, улар ташаббускорлар саъий-ҳаракатлари билан йўлга қўйилган. Шунингдек, мамлакатда университет ҳамда ташкилотларга қарашли мактабгача таълим муассасалари ҳам фаолият юритар экан.

Мактабгача таълим муасссаларининг иш фаолияти асосан 9 – 10,5 соатдан иборат. Нодавлат ҳамда ижтимоий боғчалар эса ота-оналар хоҳишига кўра белгиланган муддатлар асосида фаолият олиб боради.

Муассасаларнинг барчаси замонавий биноларда жойлашган. Ҳар бир боғча  тарбияланувчилар қўли билан яратилган жиҳозлар, кўргазмали қуроллар билан жиҳозланган. Гуруҳдаги болалар сони 25-30 нафарни ташкил этиб, гуруҳларда 1 нафар тарбиячи ҳамда 1 нафар тарбиячи- ёрдамчи фаолият олиб боради.

Муассасаларда машғулотлар асосан  куннинг биринчи ярмида тарбиячи томонидан амалга оширилади. Тарбиячилар олий маълумотли, мукаммал педагогик билимга ва юқори истеъдодга эга бўлиб, мусика ва жисмоний тарбия машғулотларини ҳам олиб боради.Куннинг иккинчи ярмида қўшимча машғулотлар (инглиз тили,спорт тўгараклари ва ота-оналар хоҳишига қараб турли машғулотлар)  ўтказилади.

Олиб бориладиган машғулотлар жараёнида метод танлашда боланинг хоҳиш-истаги инобатга олинади. Бола кун давомида эркин фаолиятда бўлиб, уйқуга кетиши мажбурий ҳисобланмайди.

Болаларга таълим-тарбия бериш жараёни ўйин орқали амалга оширилади, чунки мактаб ёшидаги болаларнинг асосий фаолияти ўйин ҳисобланади.

Машғулотлар жараёни бола қизиқишига кўра танланган мавзу асосида олиб борилади ҳамда бола билан биргаликда кўргазма қуроллар оддийликдан мураккабликга қараб танлаб борилади.

Муассаса гуруҳларининг жиҳозланишига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, ҳар ой танланган мавзуга мос қўл меҳнати билан жиҳозланиб боради.

 Шу билан муассасаларда ота-оналар қўмитаси фаолияти яхши йўлга қўйилган бўлиб, у икки гуруҳда иш олиб боради. Бир гуруҳ васийлик ва ҳомийлик масалалари билан шуғулланади, иккинчи гуруҳдаги ота-оналар таркиби эса маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақаларига масъул ҳисобланади.

Муассасанинг ташаббуси ҳамда ота-оналарнинг қизиқишига кўра “Мен тарбиячиман” мавзусида бир кунлик тарбиячи фаолияти оналар томонидан амалга ошириш тадбири ўтказилади.Бу тадбирда оналар тарбиячи образини яратиб, кун давомида барча режавий ишларни амалга оширади. Бу эса она фарзандининг фахр-ифтихорига сабаб бўлса, тарбияланувчиларга қувонч бағишлаб, машғулот давомида янгича услуб яратишга омил бўлади.

            Кореяга ташрифимиз давомида Донг-Гук университети педагог ходимлари билан ҳамкорликда  учрашувлар ташкил қилиш ва келгусида амалга ошириладиган истиқболли режалар ҳамда ҳамкорлик лойиҳалари юзасидан келишиб олдик. Бундан ташқари, Донг-Гук университети қошидаги болалар боғчаси фаолияти билан    яқиндан танишдик. Ушбу муассаса “Бола дунёни ўйин орқали англайди”, “Мен ростданам ўзгаришим керак бўлган ҳамма нарсани болалар боғчасидан ўргандим” шиори остида ўз фаолиятини олиб бормоқда.

Муассасада педагоглар фаолияти учун максимал қулай шароитлар яратилган бўлиб, зарурий жиҳозлар мультимедиали воситалар билан таъминланган.

 Педагогнинг ижодий эркинлиги, катта ҳажмдаги ҳисоботларнинг йўқлиги, болалар ўзларини намоён қилишлари учун яратилган ижодий муҳит, ҳатто хоналарнинг кичик деталларигача эстетик дид билан жиҳозлаб қўйилганлиги, улар учун бой адабиётлар ва ривожлантирувчи ўйинларнинг мавжудлиги, эрта болаликдан жамиятда ўзини тутиши, тарбияси, шахсий гигиена кўникмаларини шакллантириш каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилган.

Корея Республикасида давлат боғчалари педагогларининг ижтимоий статуси юқорилиги туфайли уларга жуда юқори талаблар қўйилган бўлиб, ушбу соҳани эгаллашлари учун улар бир неча босқичлардан ўтади. Бунинг натижаси биринчи ва иккинчи даражали сертификатлар билан тақдирланади. Тарбиячилар ҳамда мактабгача таълим муассасаси мудиралари илмий тадқиқотлар олиб боради, ҳатто муассаса мудиралари ўзлари машғулотлар ўтказишади. Асосан мактабгача таълим муассасаларида ўзлари танлаган йўналишлар бўйича, масалан, тил, спорт, мусиқа орқали таълим-тарбия берилади.

Жанубий Корея Республикасида таълим тизимида фаолият кўрсатиб келаётган мутахассислар нафақат ўз билим, кўникма ва тажрибаларига таянган ҳолда, балки чет  давлатлар мутахассислари билан ҳамкорликда тажриба алмашиб, ўз фаолиятлари давомида қўллайдилар. Улар асосан Япония, АҚШ, Хитой давлатлари  тажрибаларига суянади.

Мактабгача таълим муассасаларида атроф-муҳит билан таништириш машғулотлари бевосита табиат қўйнида амалга оширилиб, тажрибалар, синовлар ўтказилади. Улар учун табиат билан мулоқот жуда муҳим роль ўйнайди. Ота-оналар билан ҳамкорликда ҳайвонот боғларида, ботаника боғларида саёҳатлар уюштирилиб турилади. Бунинг натижасида болалар ўз кўзлари билан кўрганларини эсда сақлайдилар. Бу эса яхши самара беради. Ҳатто ҳозирги кунда ота-оналар томонидан ўрмонга яқин боғчаларга талаб ошиб бормоқда.

Жанубий Корея Республикасида болаларга таълим-тарбия беришда анъанавийлик, миллийлик, инсонпарварлик қадриятлари, ҳурмат, меҳмондўстлик, ҳамкорлик, ватанга муҳаббат ҳисларини сингдиришни ҳар бир тарбиячи ўз вазифаси доирасидаги  масъулиятли иши деб ўйлайди  ва бажаришга ҳаракат қилади.

Алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлган яна бир жиҳат, давлат жамиятнинг энг ҳимояланмаган қатламлари, кам таъминланган оилалар ва ногирон болаларга биринчи навбатда ғамхўрлик кўрсатади ва боғчаларга қабул давомида уларга устуворлик принципини қўллайди. Шу сабабли ҳам Кореяда инклюзив таълим принциплари таҳсинга сазовордир.

Жумладан, боғчаларнинг ўзига хос жиҳатлари, қўлланилаётган таълим бериш услублари, молиялаштириш ва тўлов тизимлари, педагогик ходимларнинг малака даражаси ва хизмат шароитлари, озиқ-овқат ва моддий-техник таъминоти, шунингдек, соҳаларга тегишли дастурлар ҳамда услублар атрофлича ўрганиб борилади. Шунингдек, ўқув амалиёти давомида болалар боғчаси ва ота-оналар ҳамкорлиги  муассасаларда таълим-тарбия жараёнлари уйғунлашган бўлиб, улар асосан ота-оналар билан ҳамкорлик, болани хоҳишига қараб фаолиятини олиб бориш, туғилганидан болани ақлий ривожланишига эътибор қаратиш, миллий урф-одатлар, маданият, атроф-муҳит ҳамда табиатга бўлган меҳрни кучайтиришга қаратилган.    

“Туркистон-пресс” мухбири

Актамжон БЕРДОНОВ

 ёзиб олди.