2018-10-19 15:17:47

ТИНЧЛИК УЧУН БАРЧАМИЗ МАСЪУЛМИЗ!

Бухоро Давлат тиббиёт институти ва Ўзбекистон «Адолат» СДП Бухоро вилоят кенгаши, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят бўлими билан ҳамкорликда «Ватан келажаги ёшлар қўлида» лойиҳаси доирасида «Тинчлик — энг олий неъмат» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда партия вилоят кенгаши ходимлари, депутатлар, таълим даргоҳининг ўқитувчи ва талабалари, Бухоро шаҳридаги «Масжиди Баланд» жомеъ масжидининг имом хатиби ва фаоллар иштирок этишди.

Бугунги кунда тинчлик ва осойишталик инсоният учун тенгсиз неъмат ҳисобланади. Сабаби осуда ҳаёт, яратувчан меҳнат ва фаровонлик, барча эзгу мақсадларнинг рўёби аввало шу неъматга боғлиқ. Давра суҳбатида сўзга чиққанлар ёшларни тинчлик ва фаровонлик йўлида бир мақсад сари интилиб яшашга чақиришди. Шунингдек, диний экстремизм ва терроризм, одам савдоси, гиёҳвандликка берилиш каби салбий иллатларнинг салбий оқибатлари хусусида тўхталиб ўтишди.

Бухоро Давлат тиббиёт институти Ммаънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Зубайда Баҳранова  сўзгп чиқиб, таълим даргоҳида ёшлар учун яратилаётган шароитлар ва инновацион янгиланишлар хусусида тўхталиб ўтди. Шу билан бирга ёшларнинг маънавий дунёқарашини бойитиш, уларни тарғибот-ташвиқот ишларига жалб этиш, ҳар қандай салбий иллатларга қарши курашишда аввало уларнинг ўзида куч бўлиши лозимлигини таъкидлади. Энг муҳими, соғлом турмуш тарзини шакллантириб бориш зарурлигини қайд этди.

  Бухоро шаҳридаги «Масжиди Баланд» жомеъ масжидининг имом хатиби М.Саидов ҳам ўз маърузасида тинчлик қадрига етиш, бугунги глобаллашув жараёнида ҳар бир келажак эгаси ахборот манбаидан тўғри фойдалана олиши ва энг муҳими, ўзаро ишонч, садоқат туйғуларини шакллантириш лозимлигини эътироф этиб ўтди. Бу эса барча ёшларнинг маънавий дунёқарашини шакллантиради.

Тадбир давомида ёшлар ҳам сўзга чиқиб, ўз олдига қўйган мақсади ва келажакдаги орзуси билан ўртоқлашишди. Фикр ва мулоҳазалар, таклифларга бой бўлган давра суҳбати барчага завқ бағишлади.

Моҳигул Абдуллаева,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Бухоро вилоят кенгаши Матбуот котиби

(«Туркистон-пресс»).