2013-10-16 17:53:00

ЕТМИШТА ОМОНАТЧИ ПУЛ ЮТУҒИ СОҲИБИГА АЙЛАНДИ

Республика “Ипотека-банк” акциядорлик тижорат банки томонидан “Имконият” ютуқли омонати ютуқ соҳиблари эълон қилинди.

Бугунги кунда фуқароларнинг банк хизматларига бўлган қизиқиши ҳамда ишончини ошириш мақсадида турли омонатлар жорий этилмоқда.

Банкка жалб қилинаётган аҳоли омонатлари амалдаги қонун ва меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқ, бекаму-кўст сақланиши тўла кафолатланганлиги билан аҳамиятлидир. Бундан ташқари, аҳоли томонидан тақдим этилган пул маблағлари керак бўлганда мижозлар хоҳишига биноан ҳеч қандай муаммосиз қайтарилиши таъминланади.

Ҳозирда “Ипотека-банк” томонидан аҳолига 20 га яқин омонат турлари бўйича хизмат кўрсатилади. Аҳоли жамғармасидаги ортиқча пул маблағларини банкка янада кенгроқ жалб қилиш мақсадида жорий йил дастурига кўра, “Обод турмуш”, “Баҳор файзи”, “Файзли хонадон”, “Янги уй пойдевори”, “Обод юрт” ва “Имконият” каби янги омонат турлари жорий этилган. Айни вақтда банкка 300 мингдан ошиқ мижозлар ўз омонатини ишониб топширган. Бу эса аҳолининг “Ипотека-банки”га ишончи катта эканлигидан далолат беради.

Банк томонидан таъсис этилган “Имконият” омонатининг сақланиш муддати 3 ой бўлиб, унинг омонатчилари қўйилган пул маблағларига ҳисобланган фоизлардан ташқари махсус пул ютуғи олиш имкониятига ҳам эгадир.

12 октябрь куни банкнинг “Имконият” муддатли ютуқли омонати бўйича ютуқ соҳибларини аниқлашга бағишланган тадбир ўтказилди. Ютуқлар тиражи якунига кўра, банкнинг 70 та омадли омонатчисига қўшимча равишда пул ютуғи берилиши эълон қилинди.

“Туркистон-пресс”