2018-10-19 16:14:57

“АДОЛАТ” СДП: ИСТЕЪМОЛЧИЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ЙЎЛИДА

Чирчиқ саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти кенгаши томонидан Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳамда Давлат солиқ инспекцияси билан ҳамкорликда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Чирчиқ шаҳар кенгаши ходимлари, Ўзбекистон Истемолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси Чирчиқ шаҳар жамияти вакиллари, Чирчиқ шаҳар Давлат солиқ қўмитаси масъул ходимлари, Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгаши депутатлари, педагог-ўқитувчилар, коллеж ўқувчилари, партия фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Чирчиқ шаҳар кенгаши раиси Равшан Дастиров, Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгаши депутати Адҳам Йўлдошев , Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Чирчиқ шаҳар жамияти раиси Рустамбек Рисбаев ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари  тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти, унинг амалдаги ижроси, истеъмолчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида олиб борилаётган  ишлар хусусида таъкидлаб ўтишди.

 Шунингдек, ташкил этилган давра суҳбатида иштирок этган ёшларга истеъмолчининг ҳуқуқи нималардан иборат эканлиги, фуқаро товар сотиб олиш жараёнида маҳсулот сифатининг қайси жиҳатларига эътибор қаратиш лозимлиги баён этилди. Истеъмолчилар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлаш учун жамоатчиликни кенг жалб этиш, ички истеъмол  бозорида сифати паст, одамлар ҳаёти ва соғлигига хавф туғдирувчи товарлар  сотилишига йўл қўймаслик устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқий ва истеъмол маданиятини оширишга доир белгиланган вазифаларнинг аҳамиятига ҳам тўхталиб ўтилди. Давра суҳбати якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига  мутахассислар томонидан атрофлича жавоб олишди. 

 Рустамбек Рисбаев, Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси Чирчиқ шаҳар жамияти раиси:

— Бугунги кунда ички бозорда сотиб олинаётган истеъмол товарларини сифат назорати юзасидан олиб борилаётган ишларнинг самарадорлиги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида қатъий белгиланган ҳуқуқларимизнинг ҳаётий ифодасидир. Бундай тадбирлар орқали биз аҳолига ва айниқса, ёшларга истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштироки ва фуқароларнинг конституцион ҳуқуқларидан фойдаланиши тўғрисида керакли маълумотларни етказиб бера оламиз. Зеро, фуқаролар ёшлигидан ўз ҳуқуқларидан тўлиқ фойдаланишни ўрганишлари келажакда уларнинг ҳаёт сўқмоғида қоқилмасликларида катта аҳамият касб этади.

Илҳом РАҲМОНОВ,

“Туркистон-пресс”