2018-10-22 17:49:30

ДХШНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БИЛАН АЛОҲИДА АГЕНТЛИК ШУҒУЛЛАНАДИ

Ўзбекистон Молия вазирлиги ҳузурида Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ташкил этилмоқда. Бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг 20 октябрдаги давлат-хусусий шерикликни (ДХШ) ривожлантиришнинг ҳуқуқий ва институционал базасини яратиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорида кўзда тутилган.

«Анъанавий равишда давлат тасарруфида ва бошқарувида бўлган иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада тўпланиб қолган муаммо ва камчиликлар давлат-хусусий шериклик тизимини жорий этишни жадаллаштириш юзасидан муҳим чоралар кўришни тақозо этмоқда», — дейилади ҳужжатда.

Унда қайд этилишича, ижтимоий ва коммунал соҳалар, шаҳарсозлик ва ободонлаштириш, йўл хўжалиги, энергетика соҳасидаги давлат монополияси товарлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш сифатини, давлат маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини пасайтирмоқда.

Янги агентликнинг асосий вазифалари иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг устувор йўналишларида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш бўйича тармоқ дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этиш, ДХШни ривожлантириш дастурларини амалга ошириш, ДХШ лойиҳалари иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга ҳар томонлама кўмаклашиш, лойиҳаларни молиялаштириш механизмлари, шу жумладан, юзага келиши мумкин бўлган таваккалчиликларни аниқлаш ва тақсимлаш юзасидан уларнинг таклифларини кўриб чиқиш ва бошқалардан иборат.

Эндиликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари, танлов ҳужжатлари, шунингдек, ДХШ тўғрисидаги битимлар лойиҳалари ва уларга киритиладиган ўзгартиришлар мажбурий тартибда агентлик билан келишилиши лозим.

Агентлик директори бир вақтнинг ўзида молия вазирининг ўринбосари ҳам ҳисобланади.

“Газета.uz” cайтининг қайд этишича, қарорда бир ой муддатда «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида"ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.