2018-10-22 17:58:48

БУХОРОДА “АДОЛАТ БИЛИМДОНИ” АНИҚЛАНДИ

Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят кенгашида “Адолат билимдони” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ташкил этилди.

 Бу ҳақда партия вилоят кенгаши Матбуот хизмати хабар берди.

Унда партия ходимлари, депутатлар билан бирга туман ва шаҳар кенгаши босқичларида ғолиб бўлган ёшлар, фаол партиядошлар иштирок этишди. Таъкидлаш жоизки, ушбу танловнинг саралаш босқичида жами 100 га яқин иқтидорлилар қатнашишди.

Туман ва шаҳар кенгашларида ғолибликни қўлга киритган вилоят босқичи иштирокчилари жамиятда қонун устуворлиги, ҳуқуқий, сиёсий таълим-тарбияни намоён этиш, ҳуқуқий демократик давлат барпо этишда фаоллигини кўрсатиш, партиянинг Устави ва Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ҳамда лойиҳалар мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш борасида ўз иқтидорларини намоён этишди.

Биринчи  — таништирув шартида барча қатнашчилар таълим масканлари, ҳудудлари, туғилиб ўсган гўшалари билан таништириб ўтишди. Айниқса, партиянинг Вобкент туман ва Когон шаҳар кенгашидан иштирок этган иқтидорлилар ўз чиқишлари билан  томошабинларнинг олқишларига сазовор бўлишди.

Сиёсий-ҳуқуқий соҳадаги билимлар беллашувида ҳар бир иштирокчи ўзининг сиёсий саводхонлиги, ҳуқуқий маданиятини намоён этди. Жумладан, партиянинг Бухоро ва Когон тумани номини ҳимоя қилган ёшлар ҳайъат аъзолари томонидан энг юқори баллар билан баҳоланишди.  

Учинчи шартда “Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси  менинг тасаввуримда”мавзусида кўрсатилган ижодий ишлар ўзининг ранг баранглиги ва ўта долзарблиги билан бир-биридан ажралиб турар эди. Бир иштирокчи  Ватан ҳақида қўшиқ айтиб, ўз иқтидорини кўрсатган бўлса, яна бири эса одам савдосига қарши курашиш тўғрисидаги саҳна кўриниши билан томошабинларни ҳайратга солди. Бошқаси эса партия лойиҳаларининг мазмун-моҳиятидан келиб чиққан ҳолда ўз таклиф ва тавсиялари билан ўртоқлашди.

Ҳайъат аъзоларининг хулосасига кўра, учинчи ўрин Когон туман кенгаши номини ҳимоя қилган Когон маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг 3-босқич талабаси Дилноза Очиловага, иккинчи ўрин Вобкент тумани Педагогика ва сервис касб-ҳунар коллежининг 3-босқич талабаси Ҳилола Эргашоваларга насиб этди.

Партиянинг Бухоро туман кенгаши номидан қатнашган Галаосиё педагогика коллежининг 3-босқич талабаси Сабина Расулова эса биринчиликни қўлга киритиб, республика босқичига қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди.

“Туркистон-пресс”