2018-10-23 13:32:52

САМАРҚАНДДА “ОИЛА” МАРКАЗИНИНГ ЯНГИ БИНОСИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

Самарқанд шаҳрида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Самарқанд вилояти бошқармаси учун янги бино барпо этилди. Бинони фойдаланишга топширишга бағишланган тадбир ўтказилди. Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, ёшлар ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вакиллари иштирок этиб, замонавий қиёфада қад ростлаган кўркам бинода яратилган қулайликлар билан танишишди.Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги расмий сайти хабар берди.

Маълумки, оила — инсон камолотида муҳим ўрин тутувчи масканҳисобланади. Бу муқаддас гўшада инсон ҳам жисмонан, ҳам маънан ва ҳам аҳлоқан тарбияланади.Жамиятнинг бу асосий бўғини мамлакатлар тараққиётининг пойдевори эканлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Шу нуқтаи назардан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан оила институтини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, жамиятда замонавий намунали оила мезонларини жорий этиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказлари ташкил этилди.

Тадбирда сўз олганлар “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Самарқанд вилояти бошқармаси учун янги бинода бошқарма самарали фаолият юритиши учун барча замонавий шароитлар яратилганлиги, бой китоб фондига эга “Оила” кутубхонаси, ўқув заллари, тренинглар учун махсус жиҳозланган хоналар ҳамда фуқароларни қабул қилиш хонаси жойлашганлиги ҳамда хоналар замонавий жиҳозлар билан таъминланганлиги ходимларнинг иш сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтишди.

Актамжон БЕРДОНОВ,

“Туркистон-пресс”