2018-10-23 13:59:51

ЎЗБЕКИСТОН ВА РОССИЯ ҲАМКОРЛИКДА РУС ТИЛИ ЎҚИТУВЧИЛАРИНИ ТАЙЁРЛАЙДИЛАР

Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти ва Россиянинг А.С. Пушкин номидаги рус тили давлат институти ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзоладилар. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати хабар берди.

Ушбу шартнома Россия Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида имзоланди.

А.Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти ректори Наргиз Раҳманкулова ва А.С. Пушкин номидаги рус тили давлат институти ректори Маргарита Русецкая ҳужжатга ўз имзоларини қўйдилар.

Имзоланган ҳужжат доирасида таълим муассасаларининг рус тили ўқитувчиларини тайёрлаш ва рус тилини ўқитиш ҳамда тарғиб этиш учун қўшма тадқиқотлар ўтказишга келишиб олдилар.

Жумладан, томонлар рус тилини ўқитиш бўйича таълим-методик материаллар ишлаб чиқиш ва мослаштириш учун қўшма муаллифлар жамоалари тузишади. Ташкилотлар келгусида илмий ва амалий тажриба алмашишади.

Ўқув муассасалари рус тилини ўқитиш, инновацион педагогик технологиялар ва бошқа мавзуларга бағишланган таълим, илмий-тадқиқот, маслаҳат семинарлар, конференциялар, вебинарлар, форумлар ва турли курслар ташкил этишга келишиб олишди.

Ҳамкорликнинг яна бир йўналиши ўқитувчиларнинг Ўзбекистонда ва Россияда амалиёт ўтишлари ва малака оширишини ташкил этиш бўлади. Бу педагогларнинг маҳоратини ошириш, рус тилини ўқитиш бўйича тажрибаларни ўрганиш ва таълим жараёнига жорий этишга кўмак беради.

Шу билан бирга Россия делегацияси таркибидаги рус тили элчилари ва Россия ўқув муассасалари вакилларидан иборат бўлган меҳмонлар Тошкент шаҳрида жойлашган 10-сонли умумтаълим мактабига ташриф буюрди.

Ташриф доирасида умумтаълим муассасасининг фаолияти ва болаларни рус тилида ўқитиш жараёни билан танишдилар.

“Туркистон-пресс”