2018-10-23 16:14:14

ЧИРЧИҚ САНОАТ ВА ХИЗМАТ КЎРСАТИШ КОЛЛЕЖИДА СПОРТГА ЭЪТИБОР КАТТА

Таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўқувчи-ёшларнинг эрталаб дарслардан олдинги гимнастика машғулотлари,  бўш вақтларини мазмунли ўтказишда ташкил этилаётган спорт тўгаракларининг ўрни  муҳим аҳамият касб этади.

Чирчиқ  саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида айни пайтда 800 нафардан ортиқ ўқувчилар турли касб-ҳунарлар бўйича таҳсил олишади. Коллеж ҳовлисидаги батартиб мини-футбол, енгил атлетика каби спорт майдончалари, кенг ва шинам спорт зали доим ўқувчилар билан гавжум.

Боиси, спортнинг волейбол, енгил атлетика, баскетбол, стол тенниси, шахмат, стол тенниси тўгараклари  мунтазам ишлаб турибди. Тўғри, мазкур ташкил этилган тўгаракларда иштирок этаётган ўғил-қизлар профессионал спортчи даражасига кўтарилмас, бироқ соғлом турмуш тарзини теранроқ англаб бориши, шубҳасиз.

Қолаверса, мунтазам машғулотарда иштирок этаётган спортчи-ўқувчилар  турли даражадаги спорт беллашувларида муваффақиятларга эришишлари учун  сабаб бўлиши янаям қувонарли.  Тажрибали жисмоний тарбия ўқитувчилари Қадрия Давидова (жисмоний тарбия раҳбари) ҳамда  Умиджон Аббосовлар мураббийлигида ҳар куни эрталаб ўқув-машғулотлар бошланмасдан бурун барча ўқитувчи ва ўқувчилар иштирокида гимнастика, эрталабки бадантарбия машғулотларини  бажарилиши йигит-қизларнинг  кун давомида тетик ва юқори кайфиятда юришини, дарсларни ўзлаштириш даражаси ҳам юқори бўлишини кўрсатмоқда.

 Шунингдек, коллежда волейбол, баскетбол, стол тенниси, шахмат ва мини-футбол бўйича ҳафтанинг олти кунида дарслардан бўш вақтларда гуруҳлараро  мусобақалар ўтказилиши йўлга қўйилган.  Коллеж директори Олимжон Муқимовнинг талабчанлиги ва спортга ошнолиги боис жисмоний тарбияга оид ишлар биринчи ўринда туради.

Киши жисмоний ҳолатини аниқлашда “Алпомиш ва Барчиной” тест-меъёрларининг ўрни беқиёс. Шу боис, ҳар йили баҳор фаслида мазкур тест-синовларини ўқувчи ва ўқитувчилар иштирокида қабул қилиниши коллежда одат тусини олган.  Ўқувчиларнинг таъкидлашича, “Алпомиш ва Барчиной”  тест-синовларини топшириш жараёни чин маънода  спорт байрамига айланиб кетади. Бу ҳам бўлса, қайсидир маънода,  кенг жамоатчилик орасида жисмоний тарбия ва спортнинг оммалашишига, янада қизиқиши ортишига олиб келиши бор ҳақиқат.  Демак, қани, жисмоний ҳолатимизни аниқлаш ва яхшилаш сари спорт майдончалари томон отландик.

 Илҳом РАҲМОНОВ,

“Туркистон-пресс”