2018-10-24 10:17:37

БИР ГУРУҲ ЎҚИТУВЧИЛАРГА ТУРАР-ЖОЙЛАРИ ҚАЙТАРИЛДИ

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги Фарғона вилояти Риштон тумани Чунгара қишлоғида жойлашган 44-сонли мактабнинг бир гуруҳ ўқитувчиларига турар-жой сифатида фойдаланиб келинган бинони қайтаришга амалий кўмак берди. Бу ҳақда вазирлик Ахборот хизмати хабар берди.

Хусусан, 44-сонли мактабнинг ўқитувчилари Халқ таълими вазирлигининг “Устоз овози” виртуал инспектор тизимига мурожаат қилдилар. Уларнинг мурожаатида айтилишича 10 нафардан зиёд ўқитувчилар туман марказидан Чунгара қишлоғига болаларни ўқитиш учун келадилар. Мактаб раҳбарияти иш кунларида яшашлари учун эски мактаб биносини ажратган.

Ўқитувчиларнинг таъкидлашича, қишлоқ аҳолисидан бири ўзбошимчалик билан ушбу бинони эгаллаб олган.

Халқ таълими вазирлигининг Ҳуқуқий-назорат хизмати мутахассислари мурожаатни ўрганиб чиқдилар ва ўқитувчилар фойдаланишидагибинони қайтариб олиш учун тегишли чоралар кўрдилар.

44-сонли мактабнинг ўқитувчилари Халқ таълими вазирлигига миннатдорлик билдирдилар ва болаларни сифатли таълим олишлари учун қўлларидан келган барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишларини таъкидладилар.

“Туркистон-пресс”