2018-10-25 12:59:19

ИНТЕЛЛЕКТУАЛ ЁШЛАРНИНГ ИННОВАЦИОН ҒОЯЛАРИ БИЛАН ТАНИШУВ

Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят кенгаши ташаббуси билан партиянинг “Талабаларнинг кичик инновацион корхонаси” лойиҳаси доирасида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Бухоро филиалида иқтидорли ёшлар билан учрашув ташкил этилди. Унда партия ходимлари, депутатлар, таълим даргоҳи ёшлари иштирок этишди.

Тадбир давомида сўзга чиққан партия вилоят кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов томонидан лойиҳа моҳияти ҳамда мақсади ҳақида тушунча бериб ўтилди, шунингдек, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг инновацион ғояларини кенг тарғиб этиш мақсадида турли танловлар, учрашувларнинг амалий натижалари ҳақида фикр-мулоҳзалар билдирилди.

Давра суҳбатида иштирокчилар олий таълим даргоҳининг уч нафар, яъни “Беруний” стипендианти Жасур Рўзиқулов, “Ислом Каримов” стипендияси совриндори Темиржон Асадов ва Президент стипендияси совриндори Нозимжон Тешаевларнинг инновацион кўргазмалари, ғоялари билан танишишди.

          Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Бухоро филиали “Қишлоқ хўжалигини механизациялаш ” факультети Сув хўжалиги ва мелиорация ишларини механизациялаш таълим йўналиши талабаси Жасур Рўзиқуловнинг фаолияти ва иқтидори барчага қизиқиш уйғотди. Таъкидлаш ўринлики, унинг изланиш ва интилиши “Беруний” стипендиясига лойиқ кўрилган.

          У 2018 йил 23-28 апрель кунлари ўз таълим даргоҳида бўлиб ўтган профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг “XXI аср — интеллектуал ёшлар асри” шиори остидаги “Ижодкор ёшлар ва инновацион тараққиёт” мавзусидаги “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”га бағишланган анъанавий V илмий-амалий анжуман ва унинг доирасида илмий ишлар танловида фахрли 1-ўринни эгаллади. 2016-2017 йилда олий таълим муассасалари миқёсида ўтказилган “Тафаккур синовлари” кўрик танловида ҳам фахрли ўринлар соҳиби бўлган. Унинг илмий ва инновацион ғояси барчанинг инновацион қизиқишини янада шакллантирди. Иқтидорли Жасур дринаж туйнук очувчи мосламанинг янги лойиҳаси устида иш олиб бораётганлиги ва унинг ўзига хослигини тақдимоти мисолида кўрсатиб ўтди. “Сув хўжалиги ва мелиорация ишларини механизациялаш” кафедраси профессор-ўқитувчилари билан биргаликда соҳани ривожлантириш мақсадида илмий-тадқиқот ишлари билан мунтазам шуғулланиб келмоқда.  

Президент стипендияси совриндори Нозимжон Тешаевнинг ҳам илмий изланишлари тадбир қатнашчиларининг эътиборини жалб этди. У ўз фаолиятини самарали йўлга қўйиб, кўплаб илмий мақолалар ёзиб, Республика илмий-амалий анжуманларда ва конференцияларда фаол қатнашиб келаётган иқтидорли ёшлардандир.

Унинг Вобкент туманида соя ўсимлигини етиштириш бўйича олиб бораётган изланишлари тўғрисидаги намойиши партия ходимлари томонидан қўллаб-қувватланди.

У ҳам тенгдоши Жасур сингари қатор танловлар ғолиби, инновацион ишланмалар муаллифидир.

Албатта, бундай иқтидлорли ёшларнинг инновацион ғоялари ва тақдимотлари тадбир қатнашчилари томонидан алоҳида эътиборга олинди. Энг муҳими, уларнинг ғоя ва мақсадларини ривожлантириш мақсадида таклифлар, тавсиялар билдирилди.

Моҳигул Абдуллаева,

Ўзбекистон “АДолат” СДП

Бухоро вилоят кенгаши матбуот котиби

(“Туркистон-пресс”).