2018-10-26 17:31:22

РОССИЯЛИК САЙЁҲЛАРНИНГ ЭНГ КЎПИ ЯНГИ ЙИЛНИ ЎЗБЕКИСТОНДА КУТИБ ОЛМОҚЧИ

Янги йил байрами ҳам тобора яқинлашяпти. Қувонарлиси, мазкур эзгу тилаклар айёмини ўз уйида эмас, айнан Ўзбекистонда нишонлашни истаётган хорижликлар сони ҳам тобора кўпайиб бормоқда.

Яқинда энг йирик “Tutu.ru” сайёҳлик сервиси томонидан эълон қилинган маълумотга кўра, россияликлар ўртасида айнан Ўзбекистон Янги йилни кутиб олиш учун энг оммабоп ва машҳур мамлакат деб топилди. Ваҳоланки, ўтган йил диёримиз ушбу рейтингда еттинчи поғонани эгаллаган бўлса, Германия, Чехия ва Молдавия етакчилар қаторидан жой олганди. Бу сафар эса юртимиз олти ўрин юқорилаб, немислар, чехлар ва молдованлар ўлкаларини ҳам ортда қолдириб кетди.

Бинобарин, Россияда Европага янги йил авиачипталари сотилиши 20 фоиз пасайган бўлса, Ўзбекистон йўналиши бўйича бу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан икки баробар кўпайган. Экспертларнинг айтишича, рус туристларининг асосий қисми диёримизга унинг меҳмондўстлиги, миллий таомларидан баҳраманд бўлиш ва Чимён тоғида чанғида учишга катта қизиқиш билдирмоқда.

“Туркистон-пресс”