2018-10-26 17:35:13

ЎЗБЕКИСТОНДА ТАЛАБАЛАР ЎРТАСИДА МУҲАММАД АЛ-ХОРАЗМИЙ НОМИДАГИ ХАЛҚАРО ОЛИМПИАДА ЎТКАЗИЛАДИ

Шу йилнинг 28-30 октябрькунлари Урганч шаҳрида илк маротаба талабалар ўртасида математика бўйича Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги халқаро олимпиада ўтказилади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Айтиш керакки, ушбу нуфузли халқаро олимпиадани ташкил этиш ташаббуси Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилнинг сентябрида Остона шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида илгари сурилган эди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилнинг 26 августида қарори билан олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ҳар икки йилда бир марта математика бўйича Муҳаммад Хоразмий номидаги халқаро олимпиада ташкил этилиш белгиланди.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги халқаро олимпиадани ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад—буюк алломанинг жаҳон илм-фани ва цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссасини халқаро миқёсда тарғиб этиш, қолаверса, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш, уларни фундаментал ва аниқ фанлар билан шуғулланишга кенг жалб этиш ҳамда илм-фан йўлида халқаро ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат.

Нуфузли халқаро олимпиадада дунёнинг 20 та давлатидан 58 та университет жамоалари иштирок этади. Олимпиадада 334 нафар талабалар ўзаро беллашадилар, уларга 100 нафар жамоа раҳбарлари ҳамроҳлик қилади.

Ҳакамлар ҳайъати математика фанидан дунёнинг таниқли халқаро даражадаги экспертлари, МДҲ давлатларининг профессор-ўқитувчилари ва юртимизнинг тажрибали профессор-олимлари, маҳоратли амалиётчи ўқитувчиларидан ташкил топади.

“Туркистон-пресс”