2018-10-31 15:09:12

УРГАНЧДА МУҲАММАД АЛ-ХОРАЗМИЙ НОМИДАГИ ХАЛҚАРО ОЛИМПИАДА БЎЛИБ ЎТДИ

Урганч шаҳрида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги биринчи халқаро олимпиада ўтказилди. Унда мамлакатимиз ёш математиклари билан бирга 20 дан ортиқ мамлакатнинг 56 олий таълим муассасаси талабалари ўз билимини синовдан ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Бу нуфузли халқаро олимпиадани ташкил этиш ташаббуси Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилнинг сентябрида Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида илгари сурилганини яхши эслаймиз. 

Дарҳақиқат, буюк мутафаккир, алгебра фани асосчиси Муҳаммад ал-Хоразмийнинг жаҳон цивилизациясига қўшган беқиёс ҳиссаси дунё аҳлини ҳали-ҳамон ҳайратга солиб келади. Замонавий математика, геометрия, тригонометрия, география каби фанлар, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида эришилаётган ютуқларнинг тамал тоши айнан Хоразмий бобомиз қолдирган илмий мерос билан чамбарчас боғлиқ. 

Шу боис, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 августдаги қарори билан олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ҳар икки йилда бир марта математика бўйича Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги халқаро олимпиада ўтказиладиган бўлди. Мазкур олимпиаданинг айнан Хоразмда ўтказилишида ҳам катта маъно мужассам. Зеро, Хоразмий бобомиз шу заминда туғилиб, вояга етди. Кейинчалик дунё илм-фани ривожига улкан ҳисса бўлиб қўшилган илмий ғоялар шу тарихий диёрда пайдо бўлган, маромига етган. 

Халқаро олимпиаданинг асосий синовлари Урганч шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида ўтказилди. Интеллектуал баҳсларни юртимиз ва дунёнинг таниқли математиклари, халқаро экспертлар, профессор-ўқитувчилардан иборат ҳакамлар ҳайъати кузатиб борди. 

Халқаро олимпиадада энг яхши натижани Хитойнинг Пекин университети, Эроннинг Шариф технология университети, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабалари қайд этди. 

Фото: ЎзА.