2018-11-02 13:13:08

ЎЗБЕКИСТОНДА ЯНА БИР ХОРИЖИЙ ИНСТИТУТ РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИЛДИ

Ўзбекистон Адлия вазирлиги 2018 йил Европа таълим институтининг Ўзбекистондаги филиалини рўйхатдан ўтказди. Бу ҳақда вазирлик Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

“Европа таълим институти — ЕТИ” нотижорат бирлашмасининг бош офиси Болгария Республикаси Адлия вазирлигининг Қайдлар бўйича агентлиги томонидан 2018 йил 7 мартда юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтказилган эди. Болгария фуқароси Кръстев Тошко Ангелов Европа таълим институти ва ташкилотнинг Ўзбекистондаги филиали раҳбари ҳисобланади.

Уставга кўра, Институт фаолиятининг асосий мақсади — таълим, фаол фуқаролик, спорт, ижтимоий сиёсат соҳаларида фуқароларнинг ҳудудий, миллий ва трансчегаравий даражаларда мослашуви, ривожланиши ва касбий ўзини рўёбга чиқариши бўйича миллий ва Европа қадриятлари ҳамда инновацияларини илгари суриш ҳисобланади.

Ўз навбатида, Европа таълим институтининг Ўзбекистондаги филиали уставида таълим, аҳолининг ижтимоий фаоллиги ва бошқа соҳалар бўйича ўзбек ва Европа қадриятлари, инновацияларини илгари суриш, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг касбий тайёргарлигини ошириш вазифалари белгиланган.

“Туркистон-пресс”