2018-11-02 16:03:31

БРЮССЕЛЬ ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ ТАШРИФИНИ 2019 ЙИЛ БОШИДА КУТМОҚДА

Европа Иттифоқи бош қароргоҳи 2019 йилнинг бошида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Брюсселга ташрифи амалга ошиши мумкинлигига умид билдирмоқда, деди Европарламент депутати латвиялик Ивета Григуле-Петерсе пайшанба куни.

“Газета.uz” сайтининг хабарига кўра, 1 ноябрь куни Тошкентда Ўзбекистон-ЕИ парламент ҳамкорлиги қўмитасининг 14-йиғилиши бўлиб ўтди. Европа парламентининг Марказий Осиё мамлакатлари ва Мўғилистон билан ҳамкорлик бўйича делегацияси раиси Ивета Григуле-Петерсе йиғилишда Европа делегациясига раҳбарлик қилмоқда.

«Брюссель сизнинг Срезидентингизни кутмоқда — ва бу кейинги йил бошида амалга ошса яхши бўлар эди, агарда бунинг иложи бўлса», — деди у йиғилишни очар экан.

Евродепутатнинг фикрича, Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги яқин беш-ўн йиллик ҳамкорликка аниқлик киритади. «Ва буни яна бир йилга ортга сурмаслик керак. Бу [Европа ташқи алоқалар хизматининг] мен келтирган истаги», — дея қўшимча қилди депутат.

У Ўзбекистон Президентининг 8−9 октябрь кунлари Францияга амалга оширилган ташрифи Евроиттифоқ оммавий ахборот воситаларида яхши ёритилганини маълум қилди. «Ташриф жуда яхши, жуда омадли бўлди», — дея қўшимча қилди Ивета Григуле-Петерсе.

“Туркистон-пресс”