2018-11-02 17:03:20

“АДОЛАТ” СДП: ФАОЛИЯТГА ТАҲЛИЛИЙ ЁНДАШУВ ВА ПАРТИЯ ОЛДИДА ТУРГАН МУҲИМ ВАЗИФАЛАР

Жорий йилнинг 1 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда партия Матбуот хизмати хабар берди.

Пленумда партия Сиёсий Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, ҳудудий партия кенгашлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари раҳбарлари, партия экспертлари, фаоллар, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда партиянинг барча даражадаги тузилмалари ва депутатлик корпусининг 2018 йилнинг ўтган даврида амалга оширган ишлари, эришилган ютуқлар баробарида йўл қўйилган камчиликлар танқидий-таҳлилий нуқтаи-назардан кўриб чиқилиб, мамлакатимизда кечаётган демократик ислоҳотлар жараёни ва тараққиётнинг навбатдаги босқичида партия олдида турган устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Пленумда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурининг ижросидаги иштироки юзасидан партия Сиёсий Кенгаши раиси ва фракция раҳбари Наримон Умаров ахборот берди.

Эътироф этилганидек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор йўналишлар партия фаолиятига замонавий ёндашув ва янги мазмун олиб кирди. Яъни, партия ўз фаолияти ва дастурий вазифаларини танқидий нуқтаи назардан қайта кўриб чиқиб, ижрога йўналтирди.

Хусусан, Давлат дастури ижросида партиянинг иштирокини таъминлаш мақсадида дастурий мақсадларимиздан келиб чиқиб, тўртта йўналишдан иборат бир қатор вазифалар белгилаб олинди.

Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари бўйича “Қонуннинг асл муаллифи халқ бўлиши керак”, деган тамойилни самарали амалга ошириш мақсадида партиянинг “Марказ – вилоят – туман” тизими асосида партия фракциясига кирган қонун лойиҳаларини ҳудудий ва маҳаллий Кенгашларда, партия депутатлик гуруҳларида кенг муҳокамалардан ўтказиш ва билдирилган таклиф-мулоҳазаларни фракцияга тақдим этиш натижасида жорий йил бошидан буён 20 дан ортиқ қонун лойиҳалари жойларда муҳокамадан ўтказилиб, 100 га яқин асослантирилган таклифлар олинди.

Бундан ташқари, ушбу йўналишда партиянинг “Мактабгача таълим —кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаси доирасида мактабгача таълим муассасаларида болаларни мактабга сифатли тайёрлашнинг ҳолати, давлат-хусусий шериклик асосида янги турдаги мактабгача таълим муассасаларини ташкил этилиши бўйича ўрганишлар ташкил қилинди. Натижада партия томонидан 66 та мактабгача таълим муассасаларида ҳомийларни жалб этган ҳолда “Адолат боғи” ва “Адолат майдони” ташкил этилди, шунингдек, шахмат-шашка майдончалари қуриб берилди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги доимий комиссияларга 30 та, сессиялар муҳокамасига 48 та масалалар киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди ва улар устидан самарали депутатлик назорати ўрнатилди.

Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонга мувофиқ амалдаги қонунчиликка бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Мазкур жараёнда партия фаоллари ва партия фракцияси аъзолари томонидан Адвокатлар палатаси билан ҳамкорликда “Адвокатлар фаолиятининг ҳуқуқий асослари: муаммо ва ечимлар” мавзусида марказда ва ҳудудларда 20 дан ортиқ давра суҳбатлари ташкил этилди. Давра суҳбатлари давомида билдирилган таклиф ва тавсиялар “Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни лойиҳасида ўз аксини топди.

Давлат дастурнинг иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари бўйича партиянинг дастурий мақсадлари ва электорати манфаатларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг “Инновацион фаолият тўғрисида”ги, “Фан тўғрисида”ги ва “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Қонунлари лойиҳалари ишлаб чиқилишида фаол иштирок этилди.

Алоҳида таъкидланганидек, ушбу йўналишда белгиланган вазифаларни амалга оширишда республика бўйлаб “Фан тўғрисида”ги, “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланган 20 дан ортиқ кенгайтирилган давра суҳбатлари ўтказилди.

Бундан ташқари, ҳисобот даврида партиянинг “Талабаларнинг кичик инновацион корхонаси” лойиҳаси доирасида партия ҳудудий ва маҳаллий Кенгашлари томонидан 119 та тадбир ташкил этилган бўлиб, 10 250 нафар ёш олимлар, талабалар ҳамда партия хайрихоҳлари қамраб олиниб, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш мақсадида партия депутатлари ташаббуси билан ҳомийлик маблағлари жалб этилди.

Ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича устувор йўналишида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан имзоланган меморандумга асосан, Республикамизнинг барча ҳудудларида соҳа мутахассислари ва кенг жамоатчилик ўртасида “Инсон органлари, тўқималари ва (ёки) ҳужайраларини трансплантация қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси муҳокамасига бағишланган 30 га яқин учрашувлар ва давра суҳбатлари ўтказилиб, уларда асослантирилган таклифлар шакллантирилди. Натижада, бугунги кунда ушбу қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилиниб, иккинчи ўқишга тайёрланмоқда.

Пленумда якунида 2019 йил Давлат дастурини ишлаб чиқишда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг иштироки масаласи ҳам атрофлича муҳокама этилиб, ушбу мақсадда партиянинг барча тузилмалари, депутатлик гуруҳлари ва фаолларининг куч ва имкониятларини сафарбар қилишга доир таклифлар илгари сурилди.

“Туркистон-пресс”