2018-11-02 17:13:55

ЎЗБЕКИСТОН-РОССИЯ ЁШЛАРИ ФОРУМИ САМАРҚАНДДА ДАВОМ ЭТДИ

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ташкиллаштирилган «Ўзбекистон-Россия ёшлари форуми. Ҳамкорлик, ташаббус ва инновация» фестивали 30 октябрь куни Самарқанд шаҳрида давом этди.Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги расмий сайти хабар берди.

Россиядан ташриф буюрган меҳмонлар энг аввало Амир Темур мақбараси, Хожа Дониёр мажмуаси, Улуғбек обсерваториясини зиёрат қилишди.

«Биз Ўзбекистондаги тарихий обидалари ҳақида фақат  интернет орқали маълумотга эга эдик. Энди эса бу обидаларни ўз кўзимиз билан кўриб, нақадар гўзал ва бетакрор эканлигига гувоҳ бўлмоқдамиз», — дейди Воронеж давлат университети магистранти Анастасия Ковалева.

Ўзбекистон-Россия ёшлар форуми доирасида Регистон мажмуасида «Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида туристик оқимни кенгайтиришда ёшларнинг ўрни» мавзусида бўлиб ўтган амалий конференциясида Россиянинг турли шаҳарларидан ташриф буюрган нуфузли меҳмонлар билан бир қаторда фаол ёшлар, тажрибали бизнесменлар, ёш тадбиркорлар ҳамда ОАВ вакиллари ҳам иштирок этишди. Сессияда икки давлат ўртасида туризм ва туризм салоҳияти ютуқ ва камчиликлари ҳақида сўз юритилди.

«Мен Москвада яшайман. Ўзбекистонга келишимиздан мақсад, бу ерга саёҳатга келадиган меҳмонларга ўзига хос хизмат кўрсатиш усуллари билан танишмоқчимиз. Мамлакатнинг бир қатор маданий ёдгорликлари билан яқиндан танишиш, ривожланиш истиқболларини ўрганиш,  ҳамкорлик ва мамлакатлар ўртасидаги шериклик алоқаларини давом эттиришни ният қилиб келганмиз», - дейди  Россия ёшлар иттифоқи Хабаровск региони вакили Ирина Потапенко.

Илмий анжумандан сўнг маданий дастур ва Регистон майдонида 3D шоу дастури ташкил этилди.

«Бу каби 3D шоу сайёҳлар оқимини жалб қилишга ёрдам беради. Москвада ҳам 3D шоулар бўлиб туради. Аммо Регистонда ўзгача кайфият бағишлар экан. Сабаби, Самарқанд бир вақтнинг ўзида икки замонни, тарих ва бугунни кўриш имконини беради. Бугунни таассуротларимни, албатта, дўстларимга етказаман ва уларга Ўзбекистонга келиб барчасини ўз кўзи билан кўришни тавсия этаман», — дейди Россия ёшлар парламенти аъзоси Сергей Золотарев.

“Туркистон-пресс”