2018-11-05 14:15:53

СУҒД ВИЛОЯТИ ВАКИЛЛАРИДАН ИБОРАТ ДЕЛЕГАЦИЯ УРГУТ ТУМАНИГА КЕЛДИ

Тожикистон Республикаси Суғд вилояти раисининг ўринбосари Анвар Ёқубий бошчилигидаги вилоят қишлоқ хўжалиги, инвестиция ва давлат мулки, капитал қурилиш бошқармалари раҳбарлари, шаҳар ва туманлар раислари, ишбилармон доиралар ҳамда қурилиш ташкилотлари вакилларидан иборат делегация Ургут туманига келди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги расмий сайти хабар берди.

Меҳмонлар Ургут туманида барпо этилган интенсив боғлар билан танишди.

Мевани сақлаш омборлари, совуткичлар, балиқ етиштириш ҳавзалари ва иссиқхоналарда бўлиб, туман боғларида етиштирилган сархил мевалардан татиб кўрдилар.

– Ургут боғбонларининг миришкорлиги ҳақида кўп эшитганмиз, – дейди Суғд вилояти Бўстон шаҳри раиси Раъно Ҳошимзода. – Бугун гувоҳи бўлдикки, улар ҳақиқатан ҳам мева етиштиришнинг ҳадисини олишган. Олма ва бошқа меваларни есангиз, танангиз яйрайди. Бизда ҳам моҳир боғбонлар кўп. Демак, ўзаро тажриба алмашиш ҳар икки томон учун фойдали.

Меҳмонлар"Ургут" эркиниқтисодийзонасидаҳамбўлди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган ушбу саноат ҳудудида бугун сэндвич панеллар, полиэстер толасидан тикув иплари, сунъий ва синтетик чиқиндилардан нотўқима мато ва пластик маҳсулотлар, пахта толасидан газламалар, полиуретан хомашёсидан сунъий тери маҳсулотлари, газламалар, гилам, пайпоқ ва пойабзаллар, маиший техника жиҳозлари ишлаб чиқарилмоқда.

Тожикистонлик меҳмонларга саноат соҳасидаги янги ло­йиҳалар ҳақида батафсил маълумот берилди.

“Туркистон-пресс”