2018-11-05 14:19:23

САМАРҚАНДДА АВТОМОБИЛЬ БОЗОРИ ЯНГИ МАЖМУАСИ ИШ БОШЛАДИ

Самарқанд вилоятида замонавий инновацион ғоялар асосида барпо этилган янги автомобиллар сотиш мажмуасининг очилиш маросим бўлиб ўтди. Унда Самарқанд вилояти ва туман ҳокимлиги ходимлари, тадбиркорлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги расмий сайти хабар берди.

Эски автомобиль бозорининг умумий ер майдони 2,6 гектарни ташкил этиб, сотиш учун 600 автоулов сиғимига эга бўлган бўлса, янги савдо мажмуасининг ер майдони 4 гектар ва бу ерда бир вақтнинг ўзида 1000 дан зиёд автомобиль савдоси билан шуғулланиш мумкин.

— Бозорни барпо этишда, аввало, сотувчи ва харидорлар учун зарур шароитлар яратишга эътибор қаратдик, — дейди «Оқ амур балиқлари» фермер хўжалиги бошлиғи Илҳом Ҳалимов. — Бунинг учун бу ерда автомобилларни кириш-чиқиш тартибини таъминлаш мақсадида кенг ва текис йўллар, автоуловларни рўйхатга олиш пункти, хавфсизликни таъминлаш шохобчаси, автомобиль воситаларининг тўхташ жойи, ихчам ва замонавий тамаддихоналар, маъмурият биноси қурилди. Барча ишларни амалга ошириш учун хўжалигимиз ҳисобидан салкам 5 миллиард сўм маблағ сарфланди.

Очилиш маросимидан сўнг сотувга қўйилган дастлабки 20 дан зиёд автоуловлар машина русумига қараб, махсус ажратилган ҳудудларга жойлаштирилди.

“Туркистон-пресс”