2018-11-05 18:58:02

ЮРТДАН ОЛИС, ЮРАККА ЯҚИН ИНСОН!

Киноижодкор Келдиёр Хўжаёров Ўзбекистон халқ артисти Изро МАЛАКОВ ҳақида

Ўзбекистон Халқ артисти Изро Малаков билан биринчи учрашувимиз 2016 йил АҚШга сафарга борганимда тўғри келган, — дейди “Фаввора-фильм” хусусий киностудияси раҳбари Келдиёр Хўжаёров. — Ўзаро суҳбатимиз давомида у киши ҳақида ҳужжатли фильм суратга олиш нияти туғилди. Фильмни суратга олишда АҚШ ва Канада Бухоро яҳудийлари Конгресси президенти Борис Кандов, “The Bukharian Times” газетаси Бош муҳаррири Некталов  Рафаел Борисович яқиндан кўмак берди. Шу тариқа “Юртдан олис, юракка яқин инсон!” ҳужжатли фильми дунёга келди. Уни АҚШда, Россияда, Ўзбекистонда намойиш этдик, кўпчилик илиқ таассуротларини билдириб ўтди.

Фильмда бир нарса аниқ ифода этилган: Изро Малаков билан суҳбатимиздан шу нарса маълум бўлдики, ватандошимиз чорак асрдан ортиқ вақт давомида Ўзбекистондан ташқари мамлакатда истиқомат қилаётган бўлса-да, киндик қони тўкилган юртга бўлган меҳри, муҳаббати қалбининг туб-тубига муҳрланган экан. Уни ўйи, ҳис-туйғулари, қарашлари, қилаётган ишлари ўзбекларга хос. Хатти-ҳаракатларида ўзбекона самимият, соддалик, тантилик яққол сезилиб туради.

“Ўзбекистон — биз учун табаррук диёр. Одамлари танти ва беқиёс, меҳмондўст халқ. Йилнинг тўрт фасли бу юртда мужассам. Ўзбекистонда шу қадар катта эътибор, меҳр топганмизки, дунёнинг бошқа жойида бундай ғамхўрликни кўрмаганмиз. Шу боис Ўзбекистон сўзини эшитганимизда ҳар биримизнинг кайфиятимизда кўтаринкилик уйғонади, кўксимизда меҳр оташи ёниб, кўзимизда учқунлари порлайди, — дейди Изро Малаков. — Буюк Амир Темур юрти — Шаҳрисабзда туғилиб, вояга етдим. Ўзбек халқ санъати — мақомнинг умуминсоний моҳиятини, сеҳрли кучини шу ерда англадим. Онам айтган дилбар қўшиқлар мени санъатнинг сирли кўчасига бошлади. Ўша жозибали оҳанглар мени ҳали ҳам ўзига чорлаб туради ва улар бир умрга тарк этмаса керак”.

Унинг фикрича, халқимиздек санъатни севадиган, унинг инсоният тақдиридаги беқиёс ўрнини англаб, қадрига етадиган, санъаткорга ҳурмат, иззат-икром кўрсатадиган халқни учратмаган. “Ватандошларимиз ҳозиргача бир вақтлар ижро этган “Шашмақом”, “Қурбон ўлам”, “Самарқанд ушшоғи” каби ашулаларимизни севиб тинглашини айтишганида қувончдан тўлқинланиб кетаман”, — дейди у.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг май ойида Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи доирасида кўп йиллик самарали ижоди, ўзбек мақом санъатини ривожлантириш, халқимизнинг бой маданий меросини дунёда тарғиб этишга қўшган ҳиссаси учун “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” фахрий унвони билан тақдирлагани Изро Малаковни жуда руҳлантириб юборган.

—Тўғрисини айтсам, ўшанда хурсандлигимдан кўзларимга ёш келди, кучли ҳаяжон, ғурур бутун вужудимни қамраб олди ва бу туйғулар ҳозир ҳам кўксимни тўлдириб, ўзимга ишончимни мустаҳкамлаб турибди. Янгидан янги куч бағишлаяпти. Бундан кейин ҳам мақом санъатининг янада равнақ топишига, халқимизнинг мазкур ноёб маданий меросини дунёга кенг ёйишга ҳисса қўшишга ундайди”. Бу Изро Малаковнинг тўлқинланиб айтган гаплари.

Таъкидлаб айтиш лозимки, Ўзбекистон Халқ артисти Изро Малаков бугунги кунда Америка Қўшма Штатларида “Шашмақом” академиясини очиб, унда юзга яқин истеъдодли ёшларга ушбу нодир санъатнинг сир-асрорларидан сабоқ бериб келмоқда. Шу туфайли ватандошларимизнинг қалбида ўзбек халқига бўлган ҳурмат-эҳтиром юксалмоқда, улуғ тарихимиз, урф-одатларимиз, қадриятларимизга қизиқиш ортмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жорий йилнинг 6-10 сентябрь кунлари Шаҳрисабз шаҳрида илк бор ўтказилган Халқаро мақом санъати анжуманида Ўзбекистон Халқ артистлари Изро Малакаов ва Муҳаббат Шамаева ҳам иштирок этишди. Мазкур халқаро тадбирда ҳам ажойиб инсон, ҳақиқий ватанпарвар юртдошимиз билан яна бир бор учрашиб, ҳужжатли фильмнинг иккинчи қисмини суратга олишга келишиб олдик.

“Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Халқаро мақом санъати анжуманининг ташкил этилиши дунё халқларига миллий мусиқа санъати анъаналарини тарғиб қилиш билан бирга, уни асраб-авайлаш ҳамда янада ривожлантириш, тили, маданияти, урф-одатлари турлича бўлган миллат ва элатларни санъат воситасида бирлаштириш, уларни гўзаллик, нафосат ҳамда эзгуликка даъват этишга хизмат қилади”, дейди Изро Малаков.

Яқинда Америка Қўшма Штатларда фаолият юритиб келаётган Ўзбекистон халқ артисти Изро Малаков яна бир хайрли ишга қўл урди. У АҚШда ўз хонадонида сақланаётган 60 дан зиёд ноёб экспонатларини Шаҳисабздаги “Мақом музейи”га туҳфа этди.  

Мазкур ноёб экспонатлар XIX-XX асрларда Бухоро, Самарқанд ва Қашқадарё воҳаларида фаолият юритган мақом санъати ижодкорлари томонидан ишлатилган. Экспонатлар орасида бугунги кунларда мақом йўналишида фаолият юритаётган америкалик ва канадалик ёш ижодкорлар ҳаётига оид материаллар ҳам мавжуд.

 “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” фахрий унвони билан тақдирланганим ҳаётимдаги энг қувончли воқеалардан бири бўлди, — дейди Изро Малаков. — Тўғриси, меҳнатимни қадрлагани учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ва ўзбек халқига чексиз миннатдорлик билдираман. Бу ғамхўрлик давлат раҳбарининг нафақат Ўзбекистондаги, балки бутун дунёда Ўзбекистонга дахлдор инсонларни қадрлашининг, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашининг амалий ифодаси бўлди”.

Юртдошларимизга шу гапларимни етказинг : Ўзбекистон — биз учун табаррук диёр, тинч-тотувлик ўлкаси. У ерда барча миллат вакилларига шу қадар катта эътибор, меҳр кўрсатилганки, дунёнинг бошқа жойида бундай ғамхўрликни кўрмаганмиз. Ёшим улғайиб бораяпти, лекин мана бу “Ўзбекистон халқ артисти” унвони, шубҳасиз, менга янги куч бағишлайди. Бундан кейин ҳам мақом санъатининг янада равнақ топишига, халқимизнинг мазкур ноёб маданий меросини Америкада туриб бутун дунёга кенг ёйишга ҳисса қўшишда давом этавераман”.

Маълумот учун, Изро Аширович Малаков 1938 йилда Шаҳрисабзда туғилган ва касби стомотолог бўлишига қарамасдан, ҳаётини мақом саньатига бағишлади. У ўз меҳнат фаолиятини Шаҳрисабз шаҳридаги Маданият саройида солистликдан бошлаб, кейинчалик Тошкентдаги “Мақом” ансамблида давом эттирган. 1992 йилдан бошлаб унинг тақдири Америка Қўшма Штатлари билан боғланиб, муваффақиятли равишда ёшларга мақом саньати йўналишидан сабоқ бериб келмоқда.

Келдиёр ХЎЖАЁРОВ,

“Фаввора-фильм” хусусий студияси раҳбари.

(“Туркистон-пресс”)