2018-11-06 14:35:15

ПОЙТАХТДАГИ ШОТА РУСТАВЕЛИ КЎЧАСИДА ВЕЛОЙЎЛАК ТАШКИЛ ЭТИЛМОҚДА

Тошкент шаҳар ҳокимиятининг Транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмаларини ривожлантириш департаменти ҳамда пойтахт ИИББ синов тариқасида Шота Руставели кўчаси бўйлаб автомобилларни қўйиш учун ҳимояланган чизиқли велойўлак ташкил этилмоқда. Бу пойтахтдаги илк шундай кўринишдаги велойўлакдир.

“Газета.uz” хабарига кўра, лойиҳа синов тариқасида амалга оширилмоқда. Агар у ўз самарасини намойиш этса, бу каби велойўлакларни дастлаб марказда, сўнгра шаҳарнинг бошқа қисмларида амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Лойиҳа ташаббускорлари Руставели кўчасидаги трамвай йўли демонтаж қилинганидан сўнг ҳаддан зиёд кенгайиб кетган қисмидан фойдаланди. Бу ерда велойўлак билан бир қаторда эни ностандарт бўлган биринчи қатор йўлаги ўрнида автомобиллар тўхташи учун тураргоҳ ташкил этилди.

Автомобиллар туриши учун қаторнинг мавжудлиги биринчидан тураргоҳ масаласини ижобий ҳал этса, иккинчидан велосипедчиларнинг янада хавфсиз ҳаракатланишини таъминлайди.

Велосипедчилар чорраҳалардан тўсқинликларсиз ўтиши учун узиқ-узиқ чизиқ кўринишидаги разметкалардан фойдаланилади. Автобус бекатлари олдида ҳам оддий автомобиллар ўтишини чеклаш учун махсус белгилардан қўлланилади.

Фото: “Газета.uz